Украина дронлари Россиянинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди, оқибатда 13 киши ҳалок бўлди, уларнинг 7 нафари ўзбекистонлик экани айтилди. Банкдан 500 долларгача нақд валютани паспортсиз сотиб олиш имконияти жорий этилди. Коррупция оқибатида давлатга қарийб 3 трлн сўм зарар етказилди. Тошкентда скутер ва мопед ҳайдовчилари бўйича рейд ўтказилди. Ўзбекистонда ярим йилда ўғил болалар кўпроқ туғилди.

Россияда 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

10 август куни Украина дронлари Россиядаги Татаристон Республикасининг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, қурбонлардан 7 нафари ўзбекистонлик эканини маълум.

Бош консулхона ҳалок бўлганларнинг жасадини суд-тиббий экспертиза ва зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилишини маълум қилди.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, 10 август тонгида Нижнекамск шаҳридаги бир неча саноат корхоналари, жумладан, Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводи, «Нижнекамскнефтехим» нефт-кимё комплекси дронлар ҳужумига учраган.

Банкдан 500 долларгача нақд валютани паспортсиз сотиб олиш мумкин

Адлия вазирлиги ташаббуси билан қабул қилинган идоравий ҳужжатга кўра, 9 августдан бошлаб, банкдан 500 АҚШ долларигача нақд чет эл валютасини сотиб олишда паспорт, ID-карта ёки улар ўрнини босувчи бошқа ҳужжат талаб этилмайди.

Ўз навбатида, эквиваленти 500 АҚШ долларидан юқори миқдорда нақд валюта сотиб олишда эса шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш талаби сақланиб қолади.

Бунга қадар банклардан чет эл валютасини ҳужжатсиз сотиб олиш мумкин бўлган миқдор 100 АҚШ долларини ташкил қилар эди.

Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилда аҳоли банкларга 21,7 млрд доллар миқдорида валюта сотган, 12 млрд доллар валюта сотиб олган. Жисмоний шахслар валюта операцияларининг ижобий салдоси (9,7 млрд доллар) ички валюта бозорида қўшимча таклиф яратган. Халқаро пул ўтказмалари аҳоли томонидан валюта сотувининг асосий манбаи бўлган.

Коррупция оқибатида давлатга қарийб 3 трлн сўм зарар етказилди

2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган. Бу турдаги жиноятлар бўйича 7517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузада айтилади.

Коррупцияга оид энг кўп жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банкларида қайд этилган.

Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган. Давлат харидлари соҳасида эса 12,6 трлн сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган.

Тошкентда скутер ва мопед ҳайдовчилари бўйича рейд ўтказилди

Тошкент шаҳрида кундузги ва тунги рейдлар давомида скутер, мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши текширилди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилишича, рейд тадбирлари давомида ҳаракат иштирокчилари ўртасида профилактик ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилган.

Хусусан, скутер, мопед ва велосипед ҳайдовчиларига йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, ҳаракатланиш вақтида эҳтиёткор бўлиш ва ҳимоя воситаларидан фойдаланиш зарурлиги тушунтирилган.

Шунингдек, рейдлар давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузган мототранспорт воситалари ҳайдовчилари аниқланиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилган. ЙҲХБ маълумотига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар мунтазам давом эттирилади.

Ярим йилда ўғил болалар кўпроқ туғилди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида республикада жами 373 389 та тирик туғилиш ҳолати қайд этилган.

Шундан 192,9 минг нафари ёки 51,7 фоизи ўғил бола, 180,5 минг нафари ёки 48,3 фоизи қиз бола бўлган.

Шу тариқа, ҳисобот даврида Ўзбекистонда қизларга нисбатан қарийб 12,4 минг нафар кўп ўғил бола туғилган.

Туғилишларнинг 49 фоизи шаҳар жойларида, 51 фоизи эса қишлоқ ҳудудларида қайд этилган. Шунингдек, январ–июн ойларида республика бўйича ҳар 1 минг нафар аҳолига 19,6 та туғилиш тўғри келган.