Навоийда сунъий интеллект орқали «ободонлаштирилган» маҳалла бўйича ҳокимлик узр сўради. Хивадаги «Қовун сайли» фестивали Гиннесс рекордлар китобига киритилди. Жиззахдаги аянчли ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар дори эмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Бўстонлиқда тоғда адашиб қолган 7 киши қутқарилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Хивадаги «Қовун сайли» фестивали Гиннесс рекордлар китобига киритилди
Хивадаги «Ичан қалъа» ва «Арда Хива» мажмуаларида ўтказилган «Қовун сайли» фестивали рекорд билан якунланди. Қайд қилинишича, энг ёрқин воқеалардан бири «Энг катта қовун дегустацияси» бўйича жаҳон рекордининг ўрнатилгани бўлди.
Guinness World Records томонидан берилган расмий сертификатга кўра, рекорд 2026 йил 9 август куни Хива шаҳрида қайд этилди. Унда 259 киши бир вақтда 10 дан ортиқ қовун навини татиб кўрди. Рекордни тасдиқлаш жараёнида Guinness World Records расмий ҳаками, Туркия ва Марказий Осиё бўйича вакили Шейда Субаши Гемижи иштирок этди.
Фестивалда Хоразм вилояти туманлари, етакчи фермер хўжаликлари ва бошқа иштирокчилар ўз стендларида ўнлаб қовун навларини, шунингдек, вилоят маҳсулотлари, технологиялари ва ютуқларини намойиш этди. Бу йилги гастрономик ва маданий тадбирга 186 минг нафар меҳмон, жумладан 150 минг маҳаллий ва 36 минг хорижий сайёҳ келгани айтилди.
Жиззахдаги аянчли ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
11 август куни Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида, Жиззах-Равот-Зомин-Савот автомобил йўлида 1998 йилда туғилган Ф.Э. Onix машинасини бошқараётиб, йўлнинг қарама-қарши томонидан келаётган Volkswagen билан тўқнашган. Volkswagen Тошкент шаҳрида яшовчи 28 ёшли А.Р. бошқарувида бўлган. ЙТҲ оқибатида икки машина ҳайдовчиси ҳам оғир тан жароҳатлари олиб, ҳалок бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Onix ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолиб, йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетгани тахмин қилинмоқда.
Навоийда СИ орқали «ободонлаштирилган» маҳалла бўйича ҳокимлик узр сўради
Навоий шаҳри ҳокимлиги Ҳаёт маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ҳақидаги суратларда сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилганини тан олди ва узр сўради.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларга материалларни тайёрлаш ва жойлаштириш жараёнида масъул ходимлар томонидан «эътиборсизликка йўл қўйилган». Маҳалла ҳудудидаги ўзгаришларни «кўргазмали ва сифатлироқ форматда» тақдим этиш мақсадида дизайн жараёнида сунъий интеллект элементларидан фойдаланилган ҳамда ушбу материаллар текширувдан ўтказилмасдан эълон қилинган.
Ҳокимлик ушбу ҳолат ва жамоатчиликнинг ўринли эътирозлари учун узр сўраб, материалларни тайёрлашга масъул бўлган ходимлар огоҳлантирилганини маълум қилди.
Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар дори эмаслиги ҳақида огоҳлантирди
Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчалар (БФҚ), малҳам, суртма, балзам, дамлама ва минерал сувларни турли касалликларни даволовчи восита сифатида тарғиб қилувчи рекламалар кўпаймоқда. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, айрим рекламаларда БФҚ диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда самарали восита сифатида кўрсатилмоқда. Бу эса истеъмолчиларда мазкур маҳсулотларни дори воситаси сифатида нотўғри тушунишга сабаб бўлиши мумкин.
Биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат. Улар дори воситаси эмас ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.
Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Бўстонлиқда тоғда адашиб қолган 7 киши қутқарилди
Тошкент вилояти ФВББ томонидан Бўстонлиқ туманида тоғли ҳудудларда адашиб қолган шахсларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш бўйича қутқарув ишлари амалга оширилди.
Хусусан, Полвонак тоғида адашиб қолган 7 киши ҳамда Оқтош маҳалласи ҳудудидаги тоғли жойда қолиб кетган 1 кишига қутқарувчилар томонидан амалий ёрдам кўрсатилган. Улар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар йўқлиги билдирилди.
Вазирлик фуқаролардан тоғли ҳудудларда ҳаракатланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, йўналиш ва об-ҳаво шароитини олдиндан ҳисобга олишни сўради.










