Украина президенти Володимир Зеленский халқаро ҳамкорларга ва Россия шаҳарларига парвозларни амалга ошираётган авиакомпанияларга мурожаат қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари украиналикларга йўллаган кечки мурожаатида маълум қилди.
«Бугун биз Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпанияни, ҳар бир суғуртачини, Россиянинг асосий аэропортларидан ҳамон фойдаланаётганларнинг барчасини огоҳлантирмоқчимиз: Россия осмони буткул хавфли бўлиб бормоқда», – деб таъкидлади Зеленский.
Шу билан бирга, президент таъкидлаганидек, Украина фуқаро авиациясининг ўзига – бирорта ҳам фуқаролик самолётига таҳдид солмайди.
«Шунчаки Россия осмонида дронлар шу қадар кўпайиб кетадики, бунга эътибор қаратишга тўғри келади. Гарчи Россия ҳукумати бу ҳақда тегишли тарзда хабар бермаётган бўлса-да, Россия осмони де-факто ёпилади: Россия томонидан бошланган уруш унинг осмонини ёпмоқда», деб қайд этди Зеленский.
Президент таъкидлаганидек, Украина бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлишини истамайди. Шу сабабли Зеленский ҳамкорларни огоҳлантирмоқда:
«Россия осмонида хавфсиз дақиқалар қолмади. Бу ерда, Украинада фаолият юритаётган давлатларнинг элчилари ҳамда Москвада ишлаётган элчилар буни эшитиши муҳим. Уларнинг ҳар бири Россия уруши мамлакатимиз, халқимиз учун нимани англатишини аниқ билади ва бу маълумотни ўз пойтахтига етказиши шарт».
Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозир аввало Москва, Санкт-Петербург аэропортлари ва Россиянинг бошқа асосий йўналишларига парвоз қилаётган тегишли авиакомпаниялар буни эшитиши муҳим.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли муассасалар халқаро тузилмаларга Россия осмонидаги хавф-хатарлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этади.
«Фуқаро авиациясига дронлар орасида ўрин йўқ», – деди президент.








