Хива ва Бухоро ўртасида янги электропоезд қатнови йўлга қўйилади. 210 минг доллар эвазига туман ҳокими қилишга ваъда берган шахс ушланди. 100 триллион сўмлик давлат мулки хусусийлаштирилади. Транспорт назоратида боди-камерадан фойдаланиш бошланди. 25 болани ташиётган Damas ҳайдовчиси ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Хива ва Бухоро ўртасида янги электропоезд қатнови йўлга қўйилади

9 сентябрдан бошлаб Хива ва Бухоро ўртасида янги электропоезд қатнови йўлга қўйилади, деб хабар берди «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ. Қайд қилинишича, қатнов тезюрар CRRC-Daliyan йўловчи электропоездида амалга оширилади. Унинг таркиби 5 та вагондан иборат бўлиб, жами 415 та эконом-класс ўриндиғи мавжуд.

707-сонли «Хива — Бухоро-1» электропоезди сешанбадан ташқари ҳафтанинг барча кунлари ҳаракатланади. Поезд Хивадан соат 9:55 да йўлга чиқиб, Бухорога соат 14:32 да етиб боради.

706-сонли «Бухоро-1 — Хива» электропоезди душанбадан ташқари ҳафтанинг барча кунлари ҳаракатланади. Поезд Бухородан соат 15:45 да йўлга чиқиб, Хивага соат 20:25 да етиб боради.

210 минг доллар эвазига туман ҳокими қилишга ваъда берган шахс ушланди

Фарғонада туман ҳокими лавозимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган шахс тезкор тадбирда қўлга олинди.

Маълум қилинишича, С.А. бошқа бир фуқарога ўзини ҳакамлик суди судясининг ёрдамчиси деб таништириб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 210 минг доллар эвазига уни Учкўприк тумани ҳокими лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини айтган.

С.А. келишилган пулдан 100 минг долларини олганда департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

100 триллион сўмлик давлат мулки хусусийлаштирилади

Президент фармонига мувофиқ, хусусийлаштириш дастури доирасида 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улуши, 1242 та кўчмас мулк объекти ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер участкаси савдога чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, давлат иштирокидаги 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади. Бундан ташқари, илгари сотилмаган 84 та актив бошланғич нархи 1 миллион сўм этиб белгиланиб, қайта аукционга чиқарилади.

2027 йил якунигача савдога қўйиладиган айрим давлат активлари қуйидагилардан иборат: Андижон механика заводи (100 фоиз улуши); Йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи (90 фоиз улуши); Humo Air авиакомпанияси (100 фоиз); Оқтош пансионати (100 фоиз); Чуст деҳқон бозори (51 фоиз улуши); Янгиқўрғон деҳқон бозори (51,42 фоиз); Тўрақўрғон марказий деҳқон бозори (51 фоиз); Тойлоқ деҳқон бозори (51 фоиз); Жарқўрғон деҳқон бозори (54,6 фоиз); Қибрай деҳқон бозори (51 фоиз); Рапқон деҳқон бозори (51 фоиз); Яккатут деҳқон бозори (52,1 фоиз).

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, савдога чиқариладиган активларнинг умумий қиймати 100 триллион сўмни ташкил этади. Уларни реализация қилишдан йил якунига қадар камида 14 триллион сўм тушум олиш кутилмоқда.

Транспорт назоратида боди-камерадан фойдаланиш бошланди

Транспорт назорати инспекциясининг Автомобил транспортида назорат бошқармаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудий бўлимларида фаолият юритаётган инспекторлар назорат-рейд тадбирларида боди-камерадан фойдаланишни бошлади.

Янги амалиёт назорат жараёнларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш ҳамда инспекторлар фаолиятининг шаффофлигини оширишга қаратилгани таъкидланмоқда.

Маълум қилинишича, боди-камерадан фойдаланиш амалиёти кейинчалик Транспорт назорати инспекциясининг бошқа ҳудудий бўлимларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади.

25 болани ташиётган Damas ҳайдовчиси ушланди

Ҳайдовчидан ташқари 6 нафар йўловчи сиғадиган Damas автомобилида ўнлаб болани ташиш давом этмоқда. Бу сафар Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ҳайдовчи 25 нафар боғча боласини олиб кетаётганда тўхтатилди.

Аниқланишича, мазкур ҳайдовчи аввалроқ машинани маст ҳолда бошқаргани учун суд ҳукми билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Пойтахт ЙҲХБ эълон қилган видеода ҳайдовчи қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.

Damas жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.