15:42 / 03.04.2021
26624
Ўзбекистондаги илк хусусий авиакомпания 2та Airbus А320-214 самолётини рўйхатдан ўтказди

Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines авиакомпанияси иккита Airbus А320-214 самолётини Ўзбекистонда UK32030 ва UK32031 рақамлари остида рўйхатдан ўтказди.

Фото: Planespotters.net

Тез кунларда самoлётлар Ўзбекистонга олиб келиниши айтилмоқда.

Аввалроқ АҚШнинг Air Lease Corporation компанияси Qanot Sharq Airlines  хусусий авиакомпаниясига 2та Airbus А320-200 самолётини ижарага бергани маълум қилинганди. Компания расмий сайтида самолётларни 2021 йилнинг март ойида етказиб бериш режалаштирилгани айтилган, аммо номаълум сабабларга кўра бу режалар амалга ошмаган.

Qanot Sharq Airlines ҳудудий аэропортлардан Истанбул, Анқара (Туркия), Дубай (БАА), Жидда, Мадина (Саудия Арабистони), Москва, Санкт-Петербург (Россия Федерацияси) ва Алмати (Қозоғистон) йўналишларида авиақатновларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Компания 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан IL-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания ўлароқ ўз чартер рейсларини амалга оширган. Компания 150 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Барча IL-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўтказилгач, компаниянинг эксплуатантлик сертификати тўхтатилган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда компания таъсисчиси Носир Абдуғаффоров ҳудудий техника ишлаб чиқарувчи учта етакчи – Embraer (Бразилия), Bombardier  (Канада) ва Sukhoi (РФ) компаниялари билан учрашувлар ўтказилиб, парвозлар географияси, парвоз жадвали ишлаб чиқилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда талаб юқори бўлган йўналишларга авиачипталар нархлари сезиларли даражада ошгани  хабар қилинганди.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев «Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси» иккига бўлингани ва ҳозирда 11та аэропортдан 9тасида очиқ осмон режими жорий қилинганини айтиб ўтганди. У пандемиядан кейин бу соҳада янги иштирокчилар пайдо бўлишини истисно қилмаганди.

Top