13:43 / 08.04.2021
7733
Марказий банк муомалага чиқарган олтин қуймалари нархи пасайишда давом этмоқда

Олтин қуймалар нархи 2020 йил 3 ноябридан жорий йил 8 апрелигача бўлган даврда 5 фоиздан 10 фоизгача пасайди.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Марказий банки муомалага чиқарган олтин қуймаларининг нархи ўтган йил ноябрига нисбатан пасайишда давом этмоқда.

Хусусан, тижорат банкларида сотилаётган 5 граммлик қуйма олтин нархи  ноябр аввалида 3 миллион 456 минг сўмни, 8 апрел куни эса 3 миллион 159 минг сўмни (8,6 фоизга пасайган) ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида 10 граммлик олтин қуйма нархи 6 миллион 661 минг сўмдан 6 миллион 317 минг сўмга (5,2 фоизга) пасайди.

20 граммлик олтин қуйма нархи 13 миллион 197 минг сўмдан 12 миллион 518 минг сўмга (5,15 фоизга) арзонлади.

Шунингдек, 50 граммлик олтин қуйма нархи 32 миллион 364 минг сўмдан 31 миллион 295 минг сўмга (10,1 фоизга) тушди.

Марказий банк 2020 йил ноябр ойидан оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқара бошлагани хабар қилинганди.

Маълумот учун, олтин қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади.

Олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи 2020 йилнинг август ойидан бери 19 фоизга пасайган.

2020 йили Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини олтин ташкил қилган.

2021 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 1,1 миллиард долларга камайиб, 33,2 миллиард доллар экани очиқланган.

Бунгача, 1 январ ҳолатида республиканинг расмий захира активлари 34,9 миллиард долларни, 1 феврал ҳолати бўйича эса 34,3 миллиард долларни ташкил этган.

Top