Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фурқат Сиддиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги элчисига айланади. 2017 йилдан буён АҚШдаги дипломатик миссияни бошқариб келган Жавлон Ваҳобов ТИВга ишга келиши кутилмоқда.

3 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига Фурқат Сиддиқов номзодини маъқуллади. Бу маълумотни парламентнинг юқори палатасидаги манбаси Kun.uz’га тасдиқлади.
Фурқат Сиддиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics ҚКда бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида ишлаган.
Фурқат Сиддиқов 2020 йил майда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган, 2022 йил ноябридан ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
- Маълумот учун, 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссиясини Жавлон Ваҳобов бошқариб келмоқда. «Газета.uz» манбасига кўра, у энди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига қайтарилиши (у 2013-2015 йилларда ТИВ раҳбари ўринбосари, 2015-2017 йилларда биринчи ўринбосар лавозимида ишлаган) кутилмоқда.