Ўзбекистон | 10:02 / 26.03.2023
31394
12 дақиқада ўқилади

Зилзила ғулғуласи, Тошкентга янги ҳоким, “Ўзавто”га эски раис — ҳафта дайжести

“Ўзбекистон темир йўллари” қураётган кўприк қулади. “Шапка”лар даврида “Ўзавтосаноат”ни бошқарган мансабдор лавозимига қайтди. Икки собиқ ҳоким коррупционер деб эълон қилинди, коррупционер бўлгани аввалроқ исботланган бошқа бир амалдор эса эски лавозимига қайтиб, яна коррупция гумони билан қамоққа олинди.

Ҳафта анча хавотирли ўтгани билан ажралиб турди. Кўпчилик кетма-кет икки кеча рўй берган кучли зилзилалар сабаб бир неча кун хотиржам ухлай олмади. Орада бир сутка фарқ билан икки марта 5 балли зилзила рўй бериши – Ўзбекистон учун ноёб ҳолат.

Ҳар икки сафар ҳам Тошкентда кўп қаватли уйда яшовчиларнинг бир қисми шошилинч ташқарига чиқди. Табиийки, қўрқув ва хавотирнинг кучли бўлишида ўтган ой Туркия ва Сурияда рўй берган вайронкор ер силкинишларининг ўрни бор.

Бахтимизга, республика ҳудудида зилзиладан жабрланганлар ҳақида хабарлар бўлмади. Лекин талафотлар ҳақида бундай деб бўлмайди. 21 мартдаги биринчи ер силкинишидан кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қанақа кўнгилсиз ҳодиса кузатилмагани, бино-иншоотларга зарар етмаганини маълум қилди. Лекин иккинчи зилзиладан кейин бунақа баёнот бўлмади.

Иккинчи кучли силкиниш 23 мартга ўтар кечаси кузатилди. Худди шу куни Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида янги қурилаётган темирйўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди. Туман ҳокимлигининг хабарида ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум экани, буни ўрганиш учун Тошкентдан мутахассислар чақирилгани айтилди. Маълумот учун, кўприкнинг буюртмачиси ҳам, қурувчиси ҳам – “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси.

Шу куни зилзила Тошкентда ҳам кичик талафот келтиргани ҳақида интернетда тарқалган хабар рад этилди. Маълум бўлишича, Яшнобод туманидаги янги қурилган кўп қаватли уйнинг фасади кўчиб тушишига ер силкинишининг алоқаси йўқ. Фасаднинг ўпирилиши анча аввалроқ рўй берган, бу борада уйни қурган компания ва қурилиш материалини сотган фирма ўртасида суд ҳам бўлиб ўтган. Муаммо фақат декоратив характерда экани, бинонинг мустаҳкамлигига таъсири йўқлиги айтилди.

Ер силкинишлари кучи яхшироқ сезилган қўшни мамлакатларда эса аниқ талафотлар кузатилди. 21 мартдаги зилзиланинг эпицентри бўлган Афғонистонда ва унга туташ Покистонда ўндан ортиқ киши ҳалок бўлгани, ўнлаб уйларга зарар етгани маълум. Кейинги зилзила маркази бўлган Тожикистонда эса уч киши жабрланган, 60 дан ортиқ чорва моллари нобуд бўлган.

Шанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳа вакилларининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 6 баллдан 8 баллгача бўлган кучли зилзилалар охирги 10 йилда 6 марта содир бўлган. Булар натижасида 16 киши ҳалок бўлган, 54 киши жабрланган. Иқтисодий зарар эса 84 млрд сўмни ташкил этган. Расмийлар кейинги кунларда кучли зилзила кутилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу раддия битта асос устига қурилган: зилзилаларни бир неча кун олдиндан башорат қилиш имконсиз. Шунга кўра, бундай миш-мишларга асоссиз ваҳима тарқатиш деб қаралади.

Ҳақиқатан ҳам, илм-фан ҳалигача ер силкинишларини етарлича олдиндан башорат қилишнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Нисбатан аниқроқ маълумотни фақатгина сониялар қолгандагина билиш мумкин. Ўзбекистонликлар шу ҳафта замонавий технологияларнинг бу ютуғидан биринчи марта фойдаланди. Гап шундаки, Ўзбекистонда Android операцион тизимида ишловчи смартфонларнинг эгалари илк марта зилзила ҳақида огоҳлантириш олди. Огоҳлантириш ҳар иккала сафар ер силкинишлари сезилишидан тахминан бир дақиқа олдин, айримларга эса бир неча сония қолганда етиб борди.

Google бу фойдали тизимни 2020 йилда ишга туширган. 2021 йилда бу тизим амал қиладиган давлатлар сони 90 тадан ошиб, улар орасига Ўзбекистон ҳам қўшилган. Бундай имконият iPhone эгаларида йўқ: улар бундай огоҳлантириш олиш учун қўшимча дастур ўрнатиши керак, лекин бу дастурларнинг ҳаммаси ҳам Android'даги ички созламачалик яхши ишламаслиги мумкин.

Тошкентга янги ҳоким, “Ўзавтосаноат”га эски раис

Сиёсий саҳнада ҳафтанинг асосий воқеаси тайинловлар билан боғлиқ бўлди. “Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умрзоқов Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига ўтказилди. Ўзбекистон автомобил саноатига 5 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган, ундан аввал Бош прокуратурада Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимини бошқарган Умрзоқовнинг Тошкент шаҳрига ҳоким бўлишини жамоатчилик хурсандчилик билан қарши олди деб бўлмайди. Чунки унинг бошқаруви даврида ҳам автомобилга узундан узун навбатлар сақланиб қолди, бюджет седанлар буткул сотувдан олиб ташланди. Ҳатто бор моделлар ҳам уч ойдан бери сотилаётгани йўқ.

Умрзоқовнинг ўрнига “Ўзавтосаноат”нинг аввалги раҳбари Улуғбек Рўзиқулов лавозимига қайтарилгани эса аниқ салбий қабул қилинди. Рўзиқулов машинанинг тезроқ чиқиши учун эмас, ҳатто шартнома олиш учун ҳам “шапка” бериш керак бўлган йилларда – 2015 йилдан 2017 йилгача “Ўзавтосаноат”ни бошқарган. Кейин эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га раҳбарлик қилган. У 2018 йил бошида, 52 ўзбекистонлик автобусда ёниб кетган Ақтўбе фожиасидан кейин танқидлар билан миллий авиакомпаниядан кетказилган эди. Шундан бери Улуғбек Рўзиқулов Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси лавозимида ишлаётганди.

Шу ҳафта амалдорларга оид яна бир камбек ҳақида маълумот пайдо бўлди. Энг коррупцияга ботган давлат органларидан бири – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Афзал Эрматов 2022 йил 1 ноябрида “вазифасини бажарувчи” қўшимчасидан халос бўлиб, агентликнинг тўлақонли раҳбарига айланган. Эътиборлиси, у 2010 йилдан 2013 йилгача ҳам шу лавозимда ишлаган эди. Лекин унинг лавозимга тўлақонли ва расман қайтгани ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилмаган.

Шуниси эътиборлики, 2022 йил 8 ноябрда кучга кирган давлат хизмати тўғрисидаги қонунга асосан, коррупцион жинояти учун судланган шахслар давлат хизматига ишга қабул қилиниши мумкин эмас. Афзал Эрматов эса 2018 йилда фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора бериш моддалари билан айбланиб, жаримага тортилган. Манбаларимиз берган хабарга кўра, у яна жиноят иши фигуранти сифатида қамоққа олинган. Агентлик директори шу йил январда сўроққа чақирилган ва ўшандан бери ишга чиқмаяпти.

Бу жиноят иши Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, худди шу жараёндаги коррупция сабаб 2019 йилда Миграция агентлигининг собиқ директори ва бошқа мансабдорлари узоқ муддатларга қамалган эди.

Якунланаётган ҳафта давомида яна икки мансабдорга нисбатан суд ҳукмлари эълон қилинди. 2016-2019 йилларда Қарши шаҳри ҳокими бўлган Жамшид Фозилов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ноқонуний ер ажратиш каби жиноятларда айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунга ўхшаш моддалар билан судланган Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихонов эса қамалмайдиган бўлди: унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мансур Алихоновга берилган жазо ва аввалроқ Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов айтган ҳолатлар ўртасида номувофиқлик бордек кўринади. Умрзоқов ўтган йили сентябрдаги йиғилишлардан бирида айтган гапларга кўра, Алихонов ҳокимлик қилаётган туманда ер ажратиш масаласида 56 та қарор билан 2 390 гектар ер ноқонуний ажратилган, ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 1,5 йил ичида 15 та жиноий иш қўзғатилган. “Чиқиб кетинг залдан, бу залда ўтиришга ҳаққингиз йўқ”, – деганди ўшанда администрация раҳбари.

Ташқи сиёсат

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раиси Си Жинпинг Марказий Осиёга ташқаридан аралашувлар бўлишига йўл қўймаслигини айтиб баёнот берди. Ғарбга қаратилган бу баёнотда Хитой ва Россия Марказий Осиёга гўёки “рангли инқилоблар”нинг импорт қилинишига қарши туриши таъкидланган. Си Жинпингнинг Москвага ташрифи вақтида эълон қилинган қўшма декларацияда, Хитой ва Россия раҳбарлари Марказий Осиё давлатларининг суверенитетини қўллаб-қувватлаши ҳам таъкидланган.

Ҳафта давомида, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз сайлида мамлакатимиздаги миллий-маданий марказларнинг кўргазмаларига ташриф буюргани ҳам халқаро муносабатларни кузатиб борувчилар эътиборини тортди. Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон боғида ташкил этилган байрам тадбири доирасида қозоқ, қирғиз, турк, озар, татар, немис, украин, рус ва бошқа миллатлар вакилларининг байрам кўргазмалари билан танишди. Рус маданий маркази вакиллари Шавкат Мирзиёевни ўзбек ва рус халқларининг дўстлиги ҳақидаги қўшиқ билан қарши олди.

“Энг асосийси – биз тинчлик ва хотиржамликда яшаяпмиз. Бу – энг асосий ютуғимиз. Қўшиқда тўғри айтилган: Русь ва Ўзбекистон – доим бирга бўлган ва бўлади. Энг қийин кунларда биз бирга бўлганмиз ва бундай кейин ҳам бирга бўламиз”,деди президент.

Наврўз кунлари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ҳам яхши қўшничилиги эътироф этилди. 22 март куни Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистонга борди. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, томонлар ўзаро савдо, трансафғон темирйўлини қуриш, Сурхондарёдан Афғонистонга янги электр тармоғини тортиш ва хотин-қизлар ҳуқуқлари, хусусан қизларнинг таълим олиши масалаларини кўриб чиққан.

Афғонистон томони берган расмий ахборотда эса, музокараларда Қўштепа канали ҳам асосий мавзулардан бири бўлгани айтилади. Унда айтилишича, Афғонистон канал қуриш лойиҳасини Ўзбекистон билан “ўзаро англашув асосида” амалга оширишга тайёр. Эслатиб ўтамиз, эни 100 метр, лойиҳавий узунлиги 285 км бўлган Қўштепа канали қуриб битказилса, Амударё сувининг учдан бир қисми Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига йўналтирилиши мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида сув тақчиллигини кучайтиради.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон ҳавонинг ифлосланиши бўйича дунёда 20-ўринни эгаллади. Швейцариянинг IQAir сервиси рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни Тошкент шаҳридаги кузатув станцияси маълумотлари асосида шакллантирилган. Қўшниларимизга таққослаганда, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондаги ҳаво сифати Ўзбекистонникидан яхшироқ экани кўрсатилган.

Қашқадарёнинг Китоб туманида туғуруқ бўлими ходими беморнинг яқини билан очиқчасига савдолашди. “150 минг сўм беряпсиз, буни 9 кишига беришим керак, 15 минг сўмдан ҳам тушмайди. Докторларга 10 минг сўм берасизми? Халқ қатори бераверинг, кимдир 450 минг, кимдир 500 минг беряпти. 100 мингдан дўхтирларга беряпман, қолган қизларга 20 мингдан бераман”, – деган туғуруқхона ходими. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат бўйича икки шифокор ишдан бўшатилиб, ҳужжатлар ҳуқуқ органига топширилганини маълум қилди.

Жарималарни ўз вақтида тўлаганларга бериладиган чегирма 50 фоизгача оширилди. 1 майдан бошлаб, ҳуқуқбузарлик учун тузилган жарималар 15 кун ичида тўланса, 50 фоиз, 30 кун ичида тўланса, 30 фоиз чегирма амал қилади. Бу чегирмалар суд қарорларига асосан қўлланадиган жарималарга ҳам тааллуқли бўлади. Шунингдек, аҳоли пунктидан ташқаридаги йўлларда қоидабузарликларни аниқлаш учун дрондан фойдаланиш бошланиши мумкин.

Оилавий зўравонлик ниҳоят Жиноят кодексига киритилиши кутиляпти. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунга кўра, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда. Қонун, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириши кўзда тутилган.

Бу йилги закот нисоби 35 млн 700 минг сўм белгиланди. Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 35,7 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағга ёки шу қийматдаги савдо-тижорат молига эга киши жами маблағининг қирқдан бири миқдорида закот бериши жоиз. Фидя ва фитр садақа миқдори Тошкент шаҳри учун 12 минг сўмдан 180 минг сўмгача дея эълон қилинди.

Ойлар султони моҳи Рамазон барчамизга муборак бўлсин!

Мавзуга оид