Технология | 18:18 / 13.01.2026
1149
4 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Meta Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг қарийб 550 минг аккаунтини блоклади

Австралияда 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқи кучга киргач Facebook ва Instagram’да юз минглаб аккаунтлар блокланди. Мeta гарчи талабларни бажарган бўлса-да, «ўсмирлар кўчиб ўтадиган янги иловаларни қувиб юриш» самарали ечим эмаслигини айтган. Бошқа давлатлар эса Австралия тажрибасини кузатмоқда.

Фото: Reuters

Meta Platforms корпорацияси Австралияда 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқи натижасида ўз платформаларидаги ярим миллиондан ортиқ ўсмир аккаунтларини ўчириб қўйганини эълон қилди.

Meta ушбу давлатда тақиқ кучга кирганига бир ойдан сал кўпроқ вақт ўтгач – 4 декабрдан 11 декабргача 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларга тегишли деб ҳисоблаган 544 052 та аккаунт ўчирилган. Шундан 330 639 таси Instagramʼда, 173 497 таси Facebookʼда ва 39 916 таси Threads'да бўлган.

«Қонунга доимий риоя қилиш – бу биз янада такомиллаштириб борадиган кўп қатламли жараён бўлади. Бироқ онлайн ёшни аниқлаш бўйича саноат стандарти йўқлиги борасидаги хавотирларимиз сақланиб қолмоқда», дейилади Мета компанияси 12 январь куни эълон қилган баёнотда.

Австралия ҳукумати тақиқ доирасига киради деб эълон қилган 10 платформа 2025 йил 10 декабрда ёшни текшириш тизимларини жорий қилган. Тақиқ барча платформалардан ўзини баҳолашни, тақиқ уларга татбиқ этиладими-йўқми – аниқлашни талаб қилади.

Шунингдек, Австралия ҳукумати агар ўсмирлар бошқа платформаларга кўчиб ўтса, уларни ҳам риоя қилишга чақиришини билдирган.

Чапда: вояга етмаган аккаунт эгалари киришини блокланиши шарт бўлган платформалар. Ўнгда рухсат берилганлари

Тақиқ кучга киргач, eSafety комиссари идораси платформаларга нечта аккаунт ўчирилгани ҳақида саволлар юборган, бироқ ҳозирча бу маълумотлар эълон қилинмаган. Федерал ҳукумат ҳам тақиқ дарҳол мукаммал ишламаслигини тан олган.

The Guardian нашрининг ёзишича, тақиқ кучга киргач, ўсмирлар бош вазирнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги изоҳларда уни қандай четлаб ўтаётганлари билан мақтанишган.

Ҳукумат қабул қилишидан олдин сиёсатни тарғиб қилган федерал мухолифат эса ўтган ҳафта тақиқ ижроси «муваффақиятсиз чиққанини» айтди.

«Кўплаб 16 ёшдан кичик аккаунтлар ўчирилмаган, айримлари эса дастлаб ўчирилган бўлса-да, кейин яна фаол бўлиб қолган», - деди алоқа вазирининг мухолифатдаги муқобили (Shadow minister) Мелисса Макинтош.

«Янги аккаунтлар очилмоқда ва ҳукумат самарали бўлади, деб ишонтирган ёшни текшириш воситалари бироз грим ва яхши ёритиш билан кулгили даражада осон айланиб ўтилмоқда», дея қўшимча қилди у.

Макинтош, шунингдек кўплаб болалар тақиқдан сўнг тақиқ рўйхатига киритилмаган бошқа платформаларга кўчиб ўтганини таъкидлаган.

Австралия тажрибаси кузатилмоқда

Австралияда 10 декабрь куни кучга кирган қонун ҳозирча 10 та ижтимоий тармоқ эгаларига 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларни ўз платформасидан четлатишни мажбурий қилади. Акс ҳолда улар 33 миллион долларгача жаримага тортилиши мумкин.

Австралия ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсири борасидаги хавотирлар фонида бундай кескин чорани кўрган демократик давлат сифатида ажралиб турибди.

Гарчи Meta Австралия ҳукумати талабларини бажарган бўлса-да, тақиққа қарши позициясини сақлаб қолди. Унга кўра, ёшни текшириш бўйича ягона стандартлар ва ёшлар учун кенгроқ саноат даражасидаги ҳимоя чораларини жорий этишга чақирди. Компания муқобил ижтимоий тармоқлар юклаб олиниши кескин ошаётганини ҳам ташвишли ҳолат сифатида қайд этди.

Мeta’нинг таъкидлашича, бу «ўсмирлар тақиқни четлаб ўтиш учун кўчиб ўтадиган янги иловаларни қувиб юриш қочишга ёрдам беради».

Шунга қарамай, Австралия тажрибаси дунёнинг бошқа жойларида ҳам диққат билан кузатилмоқда.

Буюк Британияда Лейбористлар ҳукумати шунга ўхшаш тақиқ жорий этиш босимига дуч келмоқда. Хусусан, консерваторлар етакчиси Кеми Баденох унинг партияси 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлар тақиқини қўллаб-қувватлашини айтди.

Франция ҳам 2026 йил 1 сентябридан бошлаб 15 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқламоқчи. Бу ҳақда тегишли қонун лойиҳасининг парламентдаги муҳокамаси шу ойда бўлиб ўтади.

Аввалроқ, Қозоғистонда ҳам 16 ёшга тўлмаганларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очиш тақиқланиши таклиф қилинган эди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид