Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган халқаро адвокатлик гуруҳи – Worldwide Lawyers Association (WOLAS) Ўзбекистоннинг БААда ўлим жазосига ҳукм қилинган уч нафар фуқаросининг халқаро ҳимояси борасида баёнот билан чиқди. WOLAS адвокатлари суд-тергов жараёнлари шаффоф ўтгани, суд мустақиллиги ва Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларига риоя қилинганига шубҳа билдирмоқда.

Ҳуқуқшунослар БАА Олий судининг жиноят ишлари бўйича коллегиясидан ўлим ҳукмини бекор қилиб, мазкур ишни сиёсий эмас, юридик мезонларга асосланган ҳолда қайта кўриб чиқишни сўраган.

Хусусан, «ишнинг махсус судда кўрилгани – шаффофлик ва етарли даражада юридик ёрдам мавжуд бўлмаганига, эҳтимолий қийноқлар орқали олинган иқрорлик, терроризмга қарши курашнинг рамзий белгиси сифатидаги оғир жазо, сиёсий босимлар ва БАА–Исроил муносабатлари илиқлашуви фонида ҳукм чиқарилган» бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилган. Шунингдек, WOLAS баёнотида халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари, хусусан, яшаш ҳуқуқи, қийноқлардан ҳимоя ва адолатли суд тамойиллари бузилиши муҳокама қилинган.

Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, ўлим жазоси ҳукмлари устидан автоматик равишда апелляция қилинади ҳамда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Федерал Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясига юборилади. Бундан ташқари, амирликда ҳар қандай ўлим жазосини ижро этишда – суд томонидан текширилгандан сўнг БАА президенти имзоси талаб қилинади.

WOLAS Ўзбекистон ҳукуматини фуқароларини ҳимоя қилишда фаолроқ бўлишга, БМТ органларини эса ҳолатни тергов қилишга чақирган. Адвокатлар ушбу мурожаатини Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, БАА адлия ва ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари, Суддан ташқари ёки ўзбошимчалик билан қатл қилиш бўйича махсус маърузачи ҳамда Қийноқлар бўйича махсус маърузачига расман юборган.

Хусусан, Ўзбекистонга қуйидагилар таклиф қилинган:

  • Дипломатик мажбуриятларни бажариш – фуқароларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва конституциявий мажбуриятларини адо этиш;
  • Консуллик иштирокини кучайтириш – БАА расмийлари билан фаол мулоқот ўрнатиш ва консуллик ёрдамини таъминлаш;
  • Фуқароларни ўлим жазосидан ҳимоя қилиш – улар учун барча қонуний воситаларни ишга солиш орқали жазони енгиллаштиришга ҳаракат қилиш.