Тошкент шаҳри ва атрофидаги иссиқхоналарга «яшил» мақомга ўтиб ишлашга рухсат берилади. Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ажратиш режалаштирилмоқда. Иссиқхона хўжаликларига солиқ имтиёзлари берилди. 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмалари учун божхона йиғими камаяди. Қашқадарёда сел автомобилни оқизиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкент шаҳри ва атрофидаги иссиқхоналарга «яшил» мақомга ўтиб ишлашга рухсат берилади
Президент Шавкат Мирзиёев иссиқхоналар фаолиятига «яшил» технологияларни жорий қилиш ва уларнинг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш юзасидан тақдимот билан танишди.
Йиғилишда Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун «яшил» технологияларга асосланган махсус экологик тартиб жорий этиш таклиф қилинди. Иситишда табиий газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат берилади. Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқишга йўл қўйилмайди.
Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга жорий йил 1 декабрга қадар ушбу манбаларга ўтиш таклиф қилинади. Ёқилғини ёпиқ жойда сақлаш, автоматлаштирилган қозонлар ва самарали чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган бўлиши, кул ва шлакни хавфсиз йиғиш учун шароит, захира генератори мавжудлиги, тутун мўриси минимал баландлик меъёрига мувофиқлиги каби қатъий техник талабларга мос бўлган иссиқхоналаргагина қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.
Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ажратиш режалаштирилмоқда
Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади. Шу ҳақдаги президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокама 28 октябргача давом этади.
Лойиҳага кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида, жумладан, жорий йилнинг ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Маблағ 2026 йил 30 ноябрга қадар фуқароларнинг ижтимоий карта ёки банк картасига ўтказилади.
Ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, реестрга кирмаган, лекин «маҳалла еттилиги» хулосаси ва идоралар ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида мезонга мос келадиган, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 2 бараваридан ошмайдиган оилалар ҳам қамраб олинади. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ёрдам олади.














