Ўзбекистон | 20:20 / 16.09.2024
12470
7 дақиқада ўқилади

“6 йилдан бери кутяпмиз” — Тошкентда яна бир қурувчи одамлардан қочиб юрибди

Олмазор туманида улуш киритиш асосида хонадон харид қилганлар неча йилдирки уйини ололмаяпти. Kun.uz'га мурожаат қилган фуқароларга кўра, “Smart Houses” МЧЖ раҳбарини топиб бўлмаяпти. Корхона солиқ қарзи сабабли банкрот деб эълон қилинган ва тугатилиш арафасида.

Тошкент шаҳрида кўпқаватли уйдан хонадон харид қилиш учун қурилиш босқичида пул тўлаган яна бир гуруҳ одамлар алданиб қолганини айтмоқда.

Kun.uz'га маълум бўлишича, 2018 йилда “Smart Houses” МЧЖ Олмазор тумани Зиё кўчасида жойлашган ерда (Ғалаба боғининг орқасидан) янги уй қуришни бошлайди.

Ўша йилда хонадон олиш истагида бўлган кўплаб фуқаролар лойиҳага инвестиция киритишга қизиқтирилади ва улардан миллиардлаб суммалар жалб этилади.

2 йил давомида объект учун котлован қазилиб, бир нечта қаватлар кўтарилган, аммо хонадонлар вақтида эгаларига топширилмаган. Кўплаб норозиликлардан сўнг, фирманинг собиқ эгалари томонидан маблағлар талон-тарож қилингани аниқланган. Шу сабаб уларга жиноий иш очилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шу билан 2021 йилнинг декабрида фирмага янги таъсисчи бўлиб Шавкат Шерматов исмли шахс келиб, қурилишни давом эттирган. Фуқароларга кўра, 2024 йилга келиб 8 ва 5 қаватли уйлар тўлиқ қуриб битказилган.

Kun.uz'га берилган маълумотларга кўра, уй жами 7 та: А, Б, В, Г , Д, Э ва Ж блокларига бўлинган. Шунинг 3 та: А, Б, В болидаги 77 та хонадон тўлов қилганларга топширилган.

Қолган 4 та блокдаги 118 та хонадон эгалари эса ҳанузгача калитларини ололмаётгани, қурувчи фирма одамларни алдаб юргани айтилмоқда.

Нега калитни бермаяпти, сабабини билмаяпмиз”

Бизни ишонтиришди, сабр қилсак, уйни беришларини айтишди. Агар шикоят, тўполон қиладиган бўлсак, кўзларига ёмон кўриниб қолишимизни айтишди. Одамлар бир-бирига далда бериб, кутаверишди, 6 ой деб, яна 6 ойдан кейин бошқа гап қилишди.

[Хонадонларни] нимага бермаётганини сўрасак, “нега бермаймиз, сабр қилсанглар берамиз” дейишди. 6 йил муддат ҳам катта сабр бўлса керак, бир бола 6 ёшга кирган бўларди”, – дейди фуқаролардан бири.

6 йил бўлган бўлса, ҳеч биримиз уйимизни олмадик. Унинг орасида директорлари ўзгарди, яна нималар бўлди, булар уларнинг иши. Шунча халқ номидан келдик, тайёр уйларимизни калитини бермаяпти, ҳамма нарсаси битган. Нега [калитни] бермаяпти, нима сабаб эканини билмаяпмиз.

Лекин уй битганида фирма банкротлик эълон қиляпти. Бизнинг шартномамиз, квитанцияларимизни ўтмаслигини, реестрга(кредиторлар) кирмагансизлар деб уйимизни ололмаслигимизни айтишяпти. Сабабини билмаймиз, ичимизда 100-80 фоиз тўлаганлар бор”, – дейди уйга тўлов қилган аёллардан бири.

Уй битди, ҳаммага хонадонлар тақсимланди. Биз бориб, “уйни қачон берасан?' деб сўрасак, “ана кутиб туринг, мана кутинг” дейишди. Ҳокимият, прокуратурага борсак, сабр қилишимизни айтишди. Шу билан уй 99,9 фоиз битди, хонадонларни инвесторларга берадиган вақтга ҳам келди. Шунда улар бизга билдирмасдан 2 йил олдин банкротликка ариза бериб, ўзини банкрот деб эълон қилишмоқчи бўлишган, ҳозир шунинг ҳаракатида юришибди.

Фирманинг юридик манзили бор, лекин шу манзилдан чиқиб кетишган. Уларнинг қаерда экани номаълум, биз борсак у ерда умуман бошқа одамлар ўтирибди. На офиси, на уйининг манзили бор. Қурилишда ҳам ўтирмайди, ҳаммадан қочиб юрибди”, – дейди мурожаат қилган бошқа бир фуқаро.

Харидорлардан бири эса хонадонлар OLX'га сотувга қўйилганини, қурувчи фирма одамларни алдаб юрганини иддао қилди.

“[Хонадонлар] ОЛХъга сотувга қўйилди. Буларнинг мақсади – сотиб, кўпроқ даромад олиш. Уй бизнинг ҳисобимиздан қурилди, мижозлар тўламаса қандай қурар эди?! Ҳамма қурувчилар шундай, котловандан бошлаб пул олади. Нега биз жабр кўришимиз керак?

Шунча узоқдан ният қилиб, уй оламиз деб келамиз-у, Қорақалпоғистон, Хоразм – ҳамма ерлардан [уйга тўлов қилганлар] бор. Тахминан 150 нафар одам бор. Шунча одам жабр кўряпти”, – дейди у.

Бошқа бир аёл эса 5 қаватли уй аввалига 8 қаватга яқин бўлганини, мижозларга 8 қаватдаги хонадонлар сотилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, кейинроқ баъзи сабаблар билан уйнинг тепа қаватлари бузилган ва 5 қаватга келтирилган.

Уй олаётган вақтимизда 9 қаватли бўлиши керакмиди, хуллас, бизга 7-, 8-қават ҳам бўлади дейишган. Бошқа тарафда 9 қаватли уй топширилган, у ерда ҳозир одамлар яшашяпти.

[...] Ҳозир ҳамма жой битган, бизга калитлари берилиши керак эди. Лекин калитни бермасдан, [фирма эгаси] Шавкат Шерматов ҳар хил ўйинлар қиляпти”,– дейди аёл.

Фирма банкрот деб эълон қилинган, у тугатилиш арафасида

“Smart Houses” МЧЖнинг солиқдан 6 млрд сўмлик қарздорлиги сабаб 2022 йил август ойида Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан фирмага нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган. Октябрда ҳал қилув қарори билан корхона банкрот деб топилган ва уни тугатишга доир иш юритуви бошланган.

Бугунга келиб бу юритув иши ҳалиям жараёнда. Буни МЧЖнинг корхона ва ташкилотлар реестидаги карточкаси ҳам тасдиқлайди, унда жамият ҳозир ҳам фаол ҳолатда экани кўрсатилган. Хўш, нима сабаб қурувчи мижозларига уйларни бермаяпти?

Kun.uz ҳолат юзасидан саволларига жавоб олиш учун “Smart Houses” таъсисчиси Шавкат Шерматов билан боғланишга уринди, аммо бунинг имкони бўлмади. Ҳозирча уйларга қилинган тўлов қайтариладими ёки йўқ, хонадонлар тақдири нима бўлади, мижозларга ким ёрдам беради, бу номаълум.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида “Азия Инвест Фаворит” МЧЖга ҳали қурилмаган кўп қаватли турар жой мажмуасидаги хонадонларга тўлов қилиб қўйган мингдан ортиқ фуқаро алдангани, зарар миқдори 300 млрд сўмдан ортиқлиги маълум бўлганди. Бунинг ортидан қурувчи ва фуқаролар ўртасидаги муаммони ҳал қилиш бўйича бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилганди.

Ундан кейин Фарғона вилоятининг Боғдод туманида ҳам одамларга сотилган янги уй-жойлар қурувчининг банкдаги кредити ва бошқа қарзлари учун хатлангани, хонадонларга кўчиб кирган ва бошқа турар жойга эга бўлмаган 46 та оила ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда кўчада қолаётгани хабар қилинганди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид