АҚШнинг Висконсин университети профессори Фрэнсис Халзен физика бўйича 2026 йилги Нобел мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда 6 октябр куни Швеция Қироллик Фанлар академияси маълум қилди.
Халзен “IceCube нейтрино обсерваториясига қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси ва астрофизик келиб чиқишга эга юқори энергияли нейтриноларни кашф этгани учун” мукофотланган.
Белгиялик-америкалик Фрэнсис Халзен 1970-йиллардан бери АҚШнинг Висконсин штатидаги Мэдисон университетида фаолият юритади. У Жанубий қутб музликларидан нейтриноларни аниқлаш учун улкан детектор сифатида фойдаланиш ғоясини илк бор 1988 йилда илгари сурган.
Нейтрино нима?
Нейтрино – электр зарядига эга бўлмаган ва модда билан жуда кам таъсирлашадиган элементар зарра. Шу сабабли триллионлаб нейтринолар Ер орқали деярли сезилмасдан ўтиб кетади. Бироқ жуда юқори энергияли нейтриноларнинг айримлари коинотдаги энг кучли жараёнлар – масалан, улкан портлашлар ва бошқа экстремал космик ҳодисалар натижасида ҳосил бўлади.
Халзен Жанубий қутбдаги тиниқ муз қатлами нейтриноларни аниқлаш учун қулай муҳит эканини англаган. Нейтрино муздаги атом ядроси билан тўқнашганда жуда қисқа ёруғлик чақнашини ҳосил қилади. Музга ўрнатилган минглаб сезгир датчиклар ана шу ёруғликни қайд этади.
Шу ғоя асосида Жанубий қутбда IceCube нейтрино обсерваторияси барпо этилди. У тахминан бир куб километр ҳажмдаги муз қатламига жойлаштирилган ёруғлик датчикларидан иборат бўлиб, коинотнинг узоқ ҳудудларидан келаётган юқори энергияли нейтриноларни қайд этиш имконини беради.
Нейтринолар бошқа кўплаб зарралардан фарқли равишда ўз йўналишини деярли ўзгартирмаган ҳолда ва энергиясини йўқотмасдан коинот бўйлаб ҳаракатлана олади. Шу боис улар орқали олимлар коинотдаги энг кучли ва экстремал жараёнлар ҳақида бошқа усуллар билан олиб бўлмайдиган маълумотларни олиши мумкин.
Нобел қўмитасига кўра, IceCube орқали олинган маълумотлар юқори энергияли нейтринолар қайси космик муҳитда ҳосил бўлишини ўрганишга, шунингдек, илгари номаълум бўлган космик ҳодисаларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Халзеннинг ишлари натижасида нейтрино астрономияси деб аталадиган янги йўналиш ривожланди.
2026 йилги Нобел мукофотларини эълон қилиш ҳафталиги 5 октябрда физиология ва тиббиёт бўйича мукофот билан

















