Мактабдан қайтаётган икки нафар 8 ёшли ўқувчини пиёдалар ўтиш йўлагида ОКМКга тегишли хизмат автомобили уриб юборди. Болалардан бири воқеа жойида вафот этган, иккинчиси эса оғир аҳволда реанимацияда. Гувоҳлар ва марҳум боланинг яқинлари ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланмаганини таъкидлади. Kun.uz Олмалиқда бўлиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганди.
Жорий йил 12 май куни Олмалиқда икки нафар мактаб ўқувчиси иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 8 ёшли Абдусамаджон ва Исломбек дарсдан қайтаётиб пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётганда оқ “Тойота” уриб юборди. Болалардан бири воқеа жойида вафот этган. Гувоҳларнинг айтишича машина катта тезликда келган.
“Тойота” қаттиқ келди...
Ўткир Отахонов, воқеа гувоҳи:
“Машиналар икки қатор турган эди. “Тойота” қаттиқ келди, тормоз овози подвалдаги болаларгача эшитилибди. Бу болалар шу пайт ўтиб қолишган, биттасини урганди, анча нарёққа бориб тушди. Биттаси машинанинг тагида қолиб кетди. Мен бу ёқда бақирдим. Болани кўтарган эдим, қулоғидан қон оқаётган экан. Ўзим 30 йил тез ёрдамда ишлаганман. Аҳволи ёмонлигини тушундим. Кейин ҳайдовчига эшикни очишни, болаларни ортиб шифохонага олиб боришни айтдим, олиб кетди. Бориб болалардан бирининг бобосига хабар бердим. Бирга шифохонага борсак, бола вафот этган экан. Ета олмаган шифохонага, иккинчиси комада ётган экан ҳалиям”.
Марҳум Абдусамаджоннинг яқинларига кўра, бу ҳудудда болалар иштирокидаги ЙТҲлар биринчи марта эмас. Ҳар куни юзлаб ўқувчилар катта автомобил йўлини кесиб ўтишади, аммо хавфсизлик чоралари деярли йўқ. Пиёдалар ўтиш йўлаги бор, лекин аксарият ҳайдовчилар тезликни пасайтирмайди. Гавжум ва болалар кўп қатнайдиган чорраҳада светофор ҳам йўқлиги сабаб навбатдаги фожиа яна бир боланинг қурбон бўлиши билан тугади.
Назокат Шомуродова, марҳумнинг бувиси:
“Турмуш ўртоғим неварамиздан айрилиб қолганимизни айтди, дод-фарёд бошланиб кетди. Қариндош келинларимиз гувоҳ бўлишган, лекин менинг неварамни танимаган. Машина жуда катта тезликда келган, иккита линиядаги машиналар тўхтаган, бу машина учинчи йўналишдаги линияда келиб, қоидаларга риоя қилиб ўтаётган икки болани коптокдай учириб юборган. Неварам бордюрга бориб урилган. Ёнидаги ўртоғини комбинат машинаси тагидан олишган. Ёш болалар машинанинг тагида ётса...
Кўрганлар айтишича, у машинанинг ичида фақат ҳайдовчи бўлмаган, яна иккита комбинат ишчиси ҳам бўлган – бошлиқми кимдир. Менимча улар тушликка чиққан бўлишган.







