Жаҳон | 17:56 / 15.09.2016
6046
2 дақиқада ўқилади

БМТ Сурия мактаблари ва шифохоналарига ҳужумлар тўхтатилгани ҳақида маълум қилди

Сурияда ўт очишни тўхтатиш режими киритилгач, шифохоналар ва мактабларга ҳужумлар рўй бермаган ва кун давомида тинч аҳоли вакилларининг қурбон бўлиши билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган. Бу ҳақда журналистларга БМТнинг Сурия масаласи бўйича махсус вакили ёрдамчиси Ян Эгеланн маълум қилган.

"Яхши янгиликлар ҳам бор, бизнинг ҳудудлардаги кишиларимиз ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини тасдиқлашмоқда. Қотилликлар сезиларли даражада камайган. Кейинги 24 соат давомида тинч аҳоли вакили ҳалок бўлишига алоқадор биронта ҳолат содир этилмаган. Мактаблар ва шифохоналарга ҳужумлар тўхтаган", деган у.

Эгеланнинг қўшимча қилишича, ёмон хабарлар ҳам бор бўлиб, БМТ ва ҳамкорлар инсонпарварлик ёрдамлари етказиб бериш учун "имкониятлар даричаси"дан фойдалана олмаяпти.

У инсонпарварлик ёрдамлари ортилган юк машиналари икки кундан буён Сурия билан чегарада кутиб тургани ва Дамашқ рухсат бериши биланоқ Суриядаги шаҳарларга йўл олишга тайёрлигини айтиб ўтган.

Ўз навбатида БМТнинг Сурия масаласи бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура Дамашқ 6 сентябрь куниёқ бу борада рухсат бериши керак бўлгани, аммо шу вақтгача "бу қоғоз етиб келмагани" ҳақида билдирган.

"Бизнинг ҳафсаламиз пир бўлмоқдами? Албатта, биз жуда қаттиқ хафамиз… Бугун мажлисда ўтирган Россиянинг Суриядаги инсонпарварлик масалалари бўйича катта гуруҳи вакиллари ҳам хафа. Рухсат берилган мактуб етиб келмаяпти. Биз тезроқ ҳаракатланишимиз ва Кастелло йўлига махсус мақом берилишига эришишимиз керак", — деган де Мистура.

У шу билан биргаликда Туркия ўз ҳудуди орқали Сурияга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилишида зарур барча шароитларни яратиб бергани ҳақида эътироф этиб ўтган.

Мавзуга оид