Борис Жонсон Ўзбекистондан мактуб олди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов британиялик ҳамкасби Борис Жонсонга мактуб йўллади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Мен Сизни муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табриклашдан бағоят мамнунман. Ўзбекистон Буюк Британияни муҳим халқаро шерик ҳамда дунёнинг улкан сиёсий, иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган етакчи ва нуфузли мамлакатларидан бири сифатида қабул қилади”, - дея таъкидлаб ўтди Комилов.
Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонликлар ўтган давр мобайнида Буюк Британия билан ўрнатилган динамик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган муносабатларни юқори баҳолайди. Ушбу муносабатлар тарихи қадим замонларга бориб тақалади.
Ишончимиз комилки, сўнгги йилларда Ўзбекистонга 40дан ортиқ Буюк Британия делегацияларининг ташриф буюриши икки мамлакатнинг ҳам ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканлигидан далолат беради.
“Қайд этиш лозимки, бугун мамлакатларимиз ўз янги тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни бошдан кечираётган бир пайтда Ўзбекистонда Буюк Британия билан ҳамкорлик қилиш истиқболларига ишонч билан қаралади. Мамлакатимиз учун муҳим бўлган ушбу даврда Буюк Британия ҳукумати ва халқининг қўллаб-қувватлашини юқори баҳолаймиз ҳамда Сизнинг ўринбосарингиз жаноб Алан Дунканнинг Ўзбекистонга ташрифини икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги Буюк Британия самимий қизиқишининг тасдиғи сифатида қараймиз”, - таъкидлаб ўтди у.
Ташқи сиёсат идораси раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўзаро ташрифлар алмашиш амалиётини давом эттириш, сиёсий мулоқот, парламентлараро ҳамкорлик, иқтисод ва саноат, илғор технологиялар, маданият ва санъат, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳаларидаги Буюк Британия билан шерикчиликни янада изчил ривожлантириш тарафдори.
“Аминманки, ўзаро ҳурмат ва томонлар манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Буюк Британия алоқалари мамлакатларимиз фаровонлиги ва манфаатлари йўлида бундан-буён ҳам мустаҳкамланади. Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул этгайсиз”, - дея хулоса қилган Абдулазиз Комилов.
Мавзуга оид
18:15 / 24.11.2024
Британия қиролининг Лондондаги қароргоҳи таъмирлаш ишлари туфайли уч йилга ёпилади
14:48 / 24.11.2024
Лондон ЕИ билан муносабатларни тиклаш учун музокарачи қидирмоқда
21:46 / 23.11.2024
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
23:36 / 20.11.2024