“Самарқандшаҳаргаз” филиали ходими Исмоил Зиёдуллаевга қарата ов милтиғидан ўқ отилганлиги ҳақидаги хабар кўҳна шаҳарда турли миш-мишларга сабаб бўлмоқда. Устига устак хорижий сайтларда 19 апрель куни эълон қилинган мақоладаги қатор ноаниқликлар ушбу воқеа атрофидаги гап-сўзларни янада чигиллаштирди. Хўш, ўзи воқеа қандай содир бўлган эди?
Бунга аниқлик киритиш мақсадида ўша ҳодиса иштирокчилари ва гувоҳлари билан суҳбатлашдим, ўқ узган пенсионер хонадонида бўлдим, у яшаб келаётган маҳалла фаоллари билан учрашдим.
Дастлаб хорижий сайтларда чиққан "Самарқандлик пенсионер газ қарзини сўраб келган мулозимга ўқ узди” мақоласида йўл қўйилган айрим ноаниқликлар ҳақида сўз юритсак.
Воқеа мақолада айтилганидек 13 апрелда эмас, 12 апрелда содир бўлган. Пенсионер Аҳмад аканинг ёши 62да эмас, июнь ойида у 61га киради. Унинг ўғли Акбар Козимов мақолада яна бир қанча хатоликлар мавжудлигига диққатимизни тортди. Жумладан, у отасининг ИИВ академиясида ўқиганлиги, милицияда ишлаб, у ердан қувилганлиги ҳақида мақолада келтирилган даъволар ҳақиқатга яқин эмаслигини таъкидлади. Акбарнинг сўзларига қараганда, отаси ички ишлар тизимига умуман яқинлашмаган. “Дадам авваллари қассобчилик билан шуғулланган, сўнгра кўп йиллар давомида Жомбой дон маҳсулотлари комбинатида ишлаб, шу ердан пенсияга чиққан”, – дейди у.
Маҳалла посбони Муҳаммадали Солиевнинг фикрича, хориж сайтига ахборот берган шахс адашган бўлса керак. “Қўшни маҳаллада худди Акбарнинг отасининг исми ва фамилиясига ўхшаш собиқ милиция ходими яшайди. У киши ҳозир пенсияда. Балки шу киши билан адаштиргандир”, – деди маҳалла посбони.
Энди содир бўлган нохуш воқеанинг ўзи ҳақида сўз юритайлик. 12 апрелда “Самарқандшаҳаргаз” филиалининг пенсионер яшаётган ҳудуддаги раҳбари Исмоил Зиёдуллаев ҳамда назоратчилар Шамсиддин Мансуров ва Хуршид Мелиевлар Юқори Хўжа Соат маҳалласида бўлиб, Аҳмад аканинг хонадони ва новвойхонасидаги газ истеъмолини текширмоқчи бўлишади. Хонадонидаги газ ҳисоблаш асбоби бўйича унинг 248 минг сўм қарзи борлиги аниқланади. Бундан аввалроқ, ўтган йилнинг декабрь ойида хонадон соҳиби 1 миллион 700 минг сўм тўлаган экан. У аниқланган қарз суммасини ҳам тезда тўлашга ваъда берган.
Шундан сўнг текширувчилар новвойхонадаги ҳолат билан танишиш мақсадида у ерда ўрнатилган газ ҳисоблаш асбобини кўздан кечиришади. Бир ой олдин ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш асбоби 8 минг м3 миқдорида газ истеъмол қилинганлигини кўрсатган. Бир ойда шунча газ сарф қилинган бўлса, ундан олдинги даврларда қанча истеъмол қилинган ва қанча пул тўланганлигини аниқлаш мақсадида И.Зиёдуллаев эски газ ҳисоблаш асбоби ва тўлов ҳужжатларини кўрсатишни сўрайди. Шунда хонадон соҳиби “нимани кўрасан”, деб ҳудуд раҳбарининг бўйнига уриб, югурганича уйига кириб кетади. Бироздан сўнг у ов милтиғини олиб чиқиб, И.Зиёдуллаевга ўқталиб, тепкини босади. Ўқ унинг иш кийимини тешиб ўтиб кетади. Жаҳл отига миниб олган пенсионер иккинчи марта тепкини босаётганида Мансуров ва Мелиев милтиққа ташланиб, унинг учини баланд кўтаришади ва милтиқ осмонга қараб отилади.















