Наманганда иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Президент совғалари топширилди
Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат эса хотираси ва тарихи билан улуғланади. Шу боис ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Фармони билан 1999 йилдан 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни, деб эълон қилинди. Бу сана халқимиз – катта-кичик, ёшу қари, жамиятимизнинг барча аъзолари томонидан ўтганларни хотирлаш ва руҳини шод этиш, Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган кишиларни қадрлаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган кун сифатида ҳар йили кенг нишонлаб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ва «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, тинчлик-осойишталик йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш халқимизга хос азалий қадрият эканининг яна бир тасдиғи бўлди.
Айни кунларда Наманган шаҳрида 12 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 388 нафар фронт орти фахрийлари умргузаронлик қилишмоқда. Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди, ”Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлимлари томонидан иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини, фахрийларни байрам билан табриклаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманган шаҳрининг «Гулпора» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қамбарали ота Муродов хонадонига шаҳар ҳокими Баҳодир Бекходжаев, «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлими раиси Анваржон Насриддинов, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари йўқлаб боришди. Отахон, у кишининг фарзанд ва набиралари меҳмонларни катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Шаҳар ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг отахонга йўллаган байрам табрикларини ўқиб эшиттирди, Юртбошимиз совғаларини топширди.
Амир Темур маҳалласида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Маматтош ота Паттаев истиқомат қилади. Иккинчи жаҳон уруши бошланган кезларда у киши 18 ёшда эдилар. Айни ёшликнинг орзу ҳаваслари қалбида жўш урган бу навқирон йигитча ҳам фашистларга қарши аёвсиз жангларга отланади. Мард ва жасур ўғлон Чехословакия, Хабаровск, Италия учун бўлган жангларда қатнашади. Ана шундай жанглардан бирида оғир ярадор бўлади. Она юртига иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қайтади. Урушдан кейинги йилларда турли соҳаларда самарали меҳнат қилди. Оила қурди, 3 нафар фарзанд, 30 дан ортиқ набира, эвара, чевараларни кўриш бахтига муяссар бўлди. Бу хонадонга ҳам шаҳар ҳокими Баҳодир Бекходжаев ҳамроҳлари билан кириб, Президентимизнинг байрам табрикларини, совғаларини, кўкракка тақиладиган эсдалик нишонларини топширди.
«Ҳақиқат» маҳалласида яшовчи Жаббор ота Содиқовни ҳамма ҳурмат билан тилга олишади. Отахон бу йил 92 баҳорни қарши олди. Бу хонадонга ташриф янада кўтаринкилик руҳида ўтди. Айниқса, Наманган санъат коллежи талабасининг аккордеонда «Катюша» мусиқасини ижро этганлиги, уруш йилларини, ғалаба кунларини яна бир бор ёдга солди. Отахон мусиқага ҳамоҳанг тарзда қўшиқ ҳам куйлади, рақсга тушди, набиралари атрофида парвона бўлишди. Президентимизнинг байрам табрикларини тинглаб, айниқса, бу йилги ҳаж сафарига бепул бориш учун имконият яратиб берганликларидан беҳад мамнун бўлиб, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Юртбошимиз соғ-саломат бўлсинлар, дея дуо қилди.
Шу маҳаллада Шарифбой ота Нуриддинов деган яна бир табаррук отахон яшайдилар. У кишига ҳам Президентимиз фармони билан 2 миллион сўм пул мукофоти, ҳаж сафарига бепул бориш учун йўлланма берилди. Бундан отахоннинг бошлари осмонга етди. Айниқса, Президентимизнинг байрам табрикларида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муносиб ҳиссангиз, мардлик ва жасорат кўрсатганингиз бугунги ёшлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади, Сиз билан фахрланамиз, деган оташин сўзлари отахонга куч-ғайрат бағишлади. Бу сўзлардан таъсирланган отахон ҳам юртимиз тинчлигини, халқимиз фаровонлигини тилаб дуо қилдилар.
Комилжон Файзиев
Мавзуга оид
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024