Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни қатор давлатларнинг Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Президент дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари мужассамдир», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган ЎзА. 

«Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида мустаҳкамлаб қўйилган асосий ҳуқуқий тамойилларга ва Конституциямизга, мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос ҳолда амалга оширилмоқда. 

Биз бундан буён ҳам ташқи сиёсатимизни олиб боришда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясида белгиланган стратегик вазифалар ва устувор йўналишларга таянамиз. 

Биз ўзимиз танлаган, тинчликпарварликка асосланган, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий воситалар билан ҳал этишга қаратилган йўлга доимо содиқмиз», деди давлат раҳбари. 

«Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларининг Ўзбекистон ҳудудида жойлашувига, ҳарбийларимизнинг чет эллардаги операцияларда иштирок этишига йўл қўймаслик давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади. 

Ташқи сиёсат соҳасидаги барча ҳамкорларимизга нисбатан очиқлик ва хайрихоҳлик руҳида, прагматик сиёсат олиб борамиз», деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан самарали муносабатларни юксак қадрлайди. Бунинг мустаҳкам ҳуқуқий негизини Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ташкил этади. Ушбу ҳужжат асосида кўп қиррали муносабатларнинг таъсирчан механизмлари – Ҳамкорлик кенгаши ва қўмитаси, Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси ва бошқа тузилмалар фаолият кўрсатмоқда.