Кун.uz таҳририяти Наманганга қилган ижодий ташрифи давомида вилоят аҳолисини ўйлантириб келаётган масалалар билан қизиқди. Ана шундай долзарб муаммолардан бири бу – тоза ичимлик суви масаласи эди. Бу борада ижодий жамоанинг илк манзили Наманган шаҳри “Гўзал” массиви Меҳнатобод маҳалласи Баҳористон кўчаси бўлди. Бу ерда яшовчи аҳоли вакиллари бир неча йилдан бери тоза ичимлик суви йўқлигидан қийналиб келаётганини хабар қилишганди. Фуқаролардан бири аҳоли номидан 4-5 марта мутасадди раҳбарларга мурожаат қилса ҳам, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабулига икки маротаба кириб ҳам ушбу муаммога ечим топа олмаган. 

Вазиятни янада ойдинлаштириш учун Баҳористон кўчаси аҳолиси билан суҳбатлашилди. Сув билан боғлиқ муаммо жуда ҳам долзарб эканлиги ойдинлашди. Мана шу масалага доир “6 йил сувсиз. Наманганда асрга хос бўлмаган манзаралар” сарлавҳали мақола сайт орқали эълон қилинди.

Иккинчи манзил эса, вилоятнинг Тўрақўрғон тумани, “Бахт” маҳалласи бўлди. Гап шундаки, бу ерда истиқомат қилиб келаётган аҳоли 20 йилдан зиёд вақт мобайнида тоза ичимлик суви ичмайди. Бу ерда яшовчи аҳоли маҳалла орқали ўтган ариқда келадиган сувни истеъмол қилади. Аммо ана шу сув ҳам бир ҳафтада ёки ўн кунда бир-икки марта берилади. Ушбу муаммога бағишланган “Ҳайрат ва ҳолат: Одамлар қачонгача ариқдан сув ичади?” сарлавҳали мақоласи ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган эди

Бундан ташқари, вилоятнинг Тўрақўрғон тумани, Шаҳанд қишлоғидан ва Поп тумани, Тўда қишлоғидан тоза ичимлик суви муаммосига бағишланган мурожаатлар таҳририят почтасига келиб тушган.

Биз вилоятдаги тоза ичимлик суви муаммоси юзасидан вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга юзландик. Улар юқоридаги ҳолатлар ва вилоятдаги тоза ичимлик суви билан боғлиқ режалар ҳақида маълумот тақдим этишди.

“Вилоятда истеъмолчиларга ичимлик сувини етказиб бериш учун умумий узунлиги 4884,7 км тармоқлар ҳамда 493 та сув олиш ҳамда 39 та сув узатиш иншоотларидан фойдаланилади. Ёки туман марказларида яшовчи аҳоли кичик қувватли сув иншоотлари орқали таъминланса, қишлоқ жойларидаги истеъмолчилар эса ҳудудлардаги алоҳида тик қудуқлар орқали таъминланади.