08:55 / 28.08.2017
4369

Россия БМТ Бош Ассамблеясида киберхавфсизлик масаласини кўтармоқчи

Фото: Xinhua

Россия сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида кибермаконда ўзини тутиш қоидалари масаласини кўтармоқчи.

Бу ҳақда «Известия» нашрига Россия президентининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Андрей Крутских маълум қилди.

«Бош Ассамблеяда бу мавзу албатта муҳокама этилади. Бироқ БРИКС йиғиладиган сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида жуда муҳим қарор қабул қилинади. У ерда анча қизиқ таклифлар бўлади. Ўзини тутиш қоидаларидан ҳеч ким воз кечаётгани йўқ. Биз уларни амалга ошириш устида ишларни давом эттирмоқдамиз», - деди у.

Унинг таъкидлашича, БРИКС, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иштирокчилари кибермакондаги қоидалар «аниқ» бўлишини исташмоқда. Бу жараёнга БМТни ҳам жалб қилиш режалаштирилган.

«Бу мавзуга эҳтиёж бор ҳамда у катта эътиборда», - дея таъкидлаб ўтди Крутских.

Аввалроқ Минтақавий аксилтеррор тузилма Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев кибермайдонлар халқаро террорчи ташкилотларнинг ўз мақсадларига эришиш учун қулай имкониятлар яратаётгани ҳақида маълум қилганди.

Top