Жамият | 09:52 / 18.10.2017
30333
3 дақиқада ўқилади

Швейцария тоғларида жойлашган "биткоинлар махфий бункери"дан фотожамланма

Британиялик журналист Жун Ян Вон Швейцария тоғларида жойлашган махфий бункерда бўлди. Бу ерда "Харо" компанияси мижозларнинг биткоинлари криптографик калитларини сақлайди.

Бу ноодатий омбор тоғ ичига ўйиб қурилган собиқ ҳарбий бункерда жойлашган. Унинг жойлашган ўрни сир сақланади ва унга кириш бондианадаги ёвуз қаҳрамонлар ҳавас қилса арзигудек хавфсизлик чоралари билан чекланган.

"Харо"га аргентиналик тадбиркор Венсес Касарес томонидан асос солинган, у Аргентинадаги биринчи биткоинчи ва мультимиллионер ҳисобланади.

Журналистга омборда сақланувчи биткоинларнинг пул кўринишидаги қиймати қандай миқдорни ташкил қилиши айтилмади, бироқ гап миллионлаб доллар ҳақида кетаётганига ишора қилинди. Журналист криптохавфсизликни таъминлашда банк усулларини қўллаш зарурлигини бироз ҳазилдек қабул қилди.

Собиқ ҳарбий бункер 1947 йилда қурилган, совуқ уруш вақтида армиянинг махфий штаби бўлиб хизмат қилган. Бункер ичида эски хариталар ва радиоэлектроника сақланиб қолган.

Омборга кириш учун журналист суратга тушиб, бармоқ изларини топширишига ҳамда у таърифлагандек, "инсон ушлагич" қурилмасидан ўтишига тўғри келди. Бу қурилма ўқ ўтмайдиган цилиндр бўлиб, оператор ичкаридан эшикни очмагунча, кириш томондаги эшик қулфлоқ бўлади. Журналист омбор ичида бир нечта пўлат эшиклардан ва қоя ичида ўйиб чиқилган юз метрлик йўлакдан ўтган. Йўлак охирида унга иккита қизил эшик кўрсатилган. Омбор ишчиларининг айтишича, бу эшиклар ядро портлашига ҳам дош бера олади. Журналистга бу эшикларни жойидан силжитиб кўриш таклиф қилинган, бироқ у бунинг уддасидан чиқа олмаган.

Ушбу омборни "Харо" хавфсизлик хизмати бошлиғи Карлос Риенци танлаган. Унинг вазифаси бункер ичидаги маълумотларни "яхши молиялаштирилувчи террорчилик гуруҳлари ва хакерлар" ҳужумидан ҳимоялаш ҳисобланади.

Омбор хоналари орасида "совуқ хона" деб аталувчи хона бор. У ерга ҳаттоки операторларга кириш тақиқланган. Бу хона пўлат плиталар билан ўралган. Улар хона ичида сақланувчи маълумотларни йўқ қила оладиган ээлектромагнит таъсирдан ҳимоялайди. Бу хонанинг аппаратураси ҳеч қачон интернетга уланмайди.

"Биз кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун ҳужумга учраш ҳолатида турамиз. Бу пойга эмас. Бу шахмат ўйини. Сиз рақибнинг кейинги юришини олдиндан билишингиз керак. Сиз ҳеч қачон ўзингизни бемалол ҳис қилолмайсиз, доимо шай ҳолатда бўлишингиз керак", деб айтмоқда Риенци.

Фото: Quartz
Фото: Quartz
Фото: Quartz
Фото: Quartz

Мавзуга оид