Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига шарҳ эълон қилинди.

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини (кейинги ўринларда тўқимачилик саноати деб юритилади) модернизация ва диверсификация қилиш ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ишлаб чиқарилаётган тайёр рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажми ва турларини кенгайтириш, пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш самарадорлиги ва рентабеллигини оширишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

Шуни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда мазкур соҳани янада ривожлантиришни таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги ПҚ–2687-сон қарори билан 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.

Бугунги кунда республикада 7 мингга яқин корхона фаолият олиб бораётган юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган тўқимачилик тармоғи шакллантирилди. 1,4 миллион тонна ҳажмдаги пахта толасини ишлаб чиқариш қувватлари яратилди, шундан 60 фоизга яқинидан маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланилмоқда.

Энг аввало, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш, тармоқни бошқаришни ташкил этиш, ресурс ва ишлаб чиқариш қувватларининг тақсимланиши, кадрлар малакасининг юқори эмаслиги билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг мавжудлиги пахта хом ашёсини етиштиришнинг паст рентабеллигига ва уни қайта ишлашга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг етарли даражада эмаслигига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уни жаҳон бозорларига илгари суриш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар комплексини белгилаб берди.

Ушбу ҳужжат билан тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг қуйидаги муҳим йўналишлари белгиланди, хусусан:

- тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг ҳажми ва сифатини ошириш;

- тўқимачилик саноатининг бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш;

- тўқимачилик саноати соҳасида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш;