Ташқи кўриниш кўп ҳолатларда ҳаётингизни ҳал қилиши ҳам мумкин. Ҳар доим ўзингизга қараб юринг ва деталларга эътиборли бўлинг. The art of manliness шу мавзудаги мақоласини тақдим этди.

1. Бу саралашнинг биринчи босқичидан ўтишга ёрдам беради

Фото: kun.uz

Албатта, турли соҳаларда ходимлар турлича танланади. Йирик компанияларда номзодлар билан HR-менежер суҳбатлашади. У имкон қадар кўпроқ номуносиб номзодларни саралаши керак ва бунинг учун суҳбатдошида камчиликларни қидиради. Кўзга биринчи кўринадиган нарса - нопрофессионал ташқи кўриниш. Агар менежер 100 нафар иш изловчи орасидан лойиқларини саралаб олиши керак бўлса, у ҳолда кутилганидек тоза бўлмаган пойабзалингиз туфайли ҳам рад жавобини олишингиз мумкин.

Бошқа вазиятларда эса менежер сизни тинглаши ва профессионал кўникмаларингизни баҳолаши муҳимроқ. Масалан, кичик компанияларда суҳбат кўп эмас, бир неча номзод ўртасида ўтказилади ёки барча номаъқул номзодлар дастлабки босқичда саралаб олинади.

Суҳбатдошингизнинг муносабатини олдиндан билиб бўлмайди. Шундай экан, арзимаган нарсани деб имкониятни қўлдан бой бермаслик учун яхши кийинишга ҳаракат қилинг.

2. Бу биринчи таассуротга таъсир кўрсатади

Фото: Dail maily

Стандарт суҳбат ўртача ярим соат вақтни олади. Бироқ бошқа бир инсонда яхши таассурот қолдириш учун атиги уч сониянгиз бор.

Бизнинг миямиз шундай тузилганки, маълумотларнинг катта қисмини визуал қабул қиламиз. Хулоса қилишда ҳам визуал омилларга асосланамиз. Яхши костюм, тартибли соч турмаги ва ялтираб турган пойабзал қаршимизда масъулиятли ва муҳим инсон тургандек таассурот уйғотади. Акс ҳолда, у дангаса, масъулиятсиздек тасаввур уйғотади.

Ташқи кўриниш сиз ҳақингизда кейинчалик тасдиқлаш ёки инкор қилишга тўғри келадиган фикрни шакллантиради. Агар сиз профессионал кўринишга эга бўлсангиз, суҳбатдошингиз "Афтидан, у ҳамма нарсани назорат қилади, кўрайлик-чи, аслида ҳам шундаймикан", деб ўйлайди. Агар бироз пала-партиш кийинган бўлсангиз, у "У қадар ишончли таассурот уйғотмайди, лекин имкон бериб кўрсак бўлар", деб ўйлайди. Шундай экан, агар биттада ижобий таассурот қолдирсангиз, анча куч-ғайратингизни сақлаб қолган бўласиз. Кимнидир тўлиқ ўзгартиргандан кўра биринчи суҳбатда қолдирилган таассуротни мустаҳкамлаган осонроқ.