Саудия Арабистонида 18 апрелда деярли охирги 40 йил ичидаги илк жамоат кинотеатри очилади. Дунёдаги энг консерватив давлатлардан бирида кинонамойишлар унинг тарихидаги илк концерт ва илк модалар ҳафталиги ортидан бошланади.

Қиролликда узоқ йиллик таъқиқловдан кейин кинотеатрлар ўз ишини “Қора пантера” саргузашт фильмини намойиш қилишдан бошлайди.

Кинофильм дастлаб Ар-Риёддаги қирол Абдуллоҳ номидаги молия марказида жойлашган 620 ўринлик кинозалда намойиш қилинади. 

Намойиш куни АҚШнинг энг йирик кинотеатрлар тармоғи AMC Entertainment томонидан махсус тантаналар бўлиб ўтади.

Илк намойишга чипталар 50 саудия риали (13 доллар) туради. Маълум вақтдан кейин чипталар арзонлантирилиши ваъда қилинмоқда.

Саудия Арабистонида янги кўнгилочиш соҳаси учун жавобгар бўлган ахборот ва маданият вазирлиги намойиш қилиниши режалаштирилган фильмлар мазмунини мамлакатнинг маънавий қадриятларига зид келмаслигига текширади. Қиролликда бир қатор имомлар кинотеатрлар ишлашига қатъий қарши чиқишган.

Саудия Арабистонида кинотеатрлар 1980-йиллар бошида қирол Фаҳд бошқаруви вақтида таъқиқлаб қўйилган.