Ўзбекистон | 00:59 / 01.06.2018
12372
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматчилар ўртасида Чимён чўққисига тезкор чиқиш бўйича чемпионат ўтказилди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги марказида Қуролли Кучлар таркибидаги вазирликлар, Мудофаа вазирлиги ҳарбий округ ва олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий хизматчилари ўртасида денгиз сатҳидан 3309 метр баландликда бўлган катта Чимён чўққисига тезкор чиқиш бўйича чемпионат ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мусобақа қатнашчилари Чимён тоғ этагидаги майдондан бошлаб, тоғнинг ғарбий қирраси, Белдирсой, Чўпонлар довони ҳамда йўналишдаги ғор бўйлаб (мустақиллик ҳимоячиси, Ўзбекистонда ҳарбий альпинизмни ривожига муносиб ҳисса қўшган “Жасорат” медали соҳиби лейтенант Сайёр Садинов (марҳум) ёдгорлиги ўрнатилган) Чимён тоғи чўққисигача бўлган қояли ва қорли ҳудудлардан ўтишди. Ҳар бир жамоада икки ҳарбий хизматчи иштирок этди. Улар 6 км.дан зиёд масофа (пиёда юрганда икки кунлик машаққатли йўл)ни қисқа фурсатларда босиб ўтиб, юқори натижа қайд этишди. 

Катта Чимён тоғ чўққисига биринчилардан бўлиб, 1 соату 24 дақиқада Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги маркази вакиллари Ш. Ботиров ва Ш. Ўрозбоев кўтарилди. Шундан сўнг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Ж. Мирзараимов, У. Мусурмонқулов 1 соату 52 дақиқада иккинчи, Қуролли Кучлар академияси курсантлари О. Қўлдошев ва И. Абдуллаев эса 2 соату 4 дақиқада марра чизиғини босиб, учинчи поғонадан жой олишди.

Чемпионатда Шарқий ҳарбий округ ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 4 ва 5 поғоналарни банд этишди.

Ғолиб ва совриндорларга Мудофаа вазирлиги номидан кубок ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Мавзуга оид