Ўзбекистон | 13:13 / 11.07.2018
24205
4 дақиқада ўқилади

Ҳарбийларнинг фарзандларига ажратилаётган квоталар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди

10 июль куни Мудофаа вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзолари учун янги имтиёзлар” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда Мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икромов, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ходимлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги етакчи мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги 3726-сон қарорига мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун республика олий таълим муассасалари ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча имконият яратилди. Қарорга кўра, Ўзбекистоннинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган, хизматдаги ҳарбий ва илмий фаолиятда маълум бир натижаларга эришган ва тегишли вазирликлар ва идораларнинг тавсияномаларига эга бўлган хизматдаги офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандларига республика олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилиниши учун квота ажратилди.

Бундан ташқари, олий ҳарбий таълим муассасаларига курсантларнинг умумий қабул сонидан бакалавриятга қабул қилишнинг беш фоизли квотаси ажратилади (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари). Ажратилган беш фоизли квота чегарасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади ҳамда жойлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тет синовлари натижаси бўйича тўпланган баллардан келиб чиққанда ҳолда, навбатдаги кетма-кетлик тартибига мувофиқ тақсимланади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сон баёнига кўра, жорий йилда ушбу грант квотасининг миқдори 888 тани ташкил этади. Ундан 44 фоизи (390 та ўрин) Мудофаа вазирлигига, 10 фоизи (89 ўрин) Ички ишлар вазирлигига, 3 фоизи (27 ўрин) Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, 30 фоиз Давлат хавфсизлик хизматига (266 ўрин),1 фоизи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига (9 ўрин), 10 фоизи Миллий гвардияга (89 ўрин), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хавфсизлик хизматига 2 фоиз (18 ўрин) квота ажратилган.
Анжуманда ушбу тавсияномаларни беришда ҳамда уларнинг олий таълим муассасалари томонидан қабул қилинишида юзага келаётган турли тушунмовчиликлар, номзодлар томонидан квота масаласида кўплаб берилаётган саволлар муҳокама қилинди, уларни бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қўллашга келишиб олинди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати

Тавсияномалар фақат бир маротаба берилади — агарда биринчи йилда ўқишга кира олмаса, ундан яна икки йил фойдаланиши мумкин. Тавсиянома асосида ўқишга кирган талаба қандайдир сабабга кўра, ўқишдан четлатилса, иккинчи бор тавсияномадан фойдалана олмайди.

Мавзуга оид