Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.
Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги — «Ўзатом» ташкил этилади.
«Ўзатом» агентлиги:
Атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради;
Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.
Қуйидагилар «Ўзатом» агентлигининг атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш;
Саноат ва экология хавфсизлигининг халқаро талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш;
Атом фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш;
Тадқиқот ва энергетика атом реакторлари, ядро-физика қурилмалари, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларининг ривожланишини ва уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш;
















