Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда, деб ёзади Norma
 
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3802-сон қарори билан Солиқ академияси Малака ошириш маркази этиб қайта ташкил қилинди.
 
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ДСҚга 2018/2019 ўқув йили бошлангунига қадар қуйидагиларнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича кўчирилишини таъминлаш вазифаси топширилди:  
 
•  Тошкент молия институтига – қайта ташкил этилаётган Солиқ академиясининг «Солиқлар ва солиқ солиш» таълим йўналиши бўйича бакалавриат 2 ва 4-босқич талабаларининг давлат гранти асосида ўқиш шаклини сақлаб қолган ҳолда;
•  Тошкент давлат иқтисодиёт университетига – қайта ташкил этилаётган Солиқ академиясининг «Солиқлар ва солиқ солиш» таълим йўналиши бўйича бакалавриат 3-босқич талабаларининг давлат гранти асосида ўқиш шаклини сақлаб қолган ҳолда, шунингдек 2-босқич магистрантларининг тўлов-контракт асосида ўқиш шаклини сақлаб қолган ҳолда.
 
Шунингдек манфаатдор вазирлик ва идоралар Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига Солиқ академияси қайта ташкил этилиши муносабати билан 2018/2019 ўқув йилида Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетига қабул квоталари бўйича таклифларини киритишлари керак.
 
Белгиланишича, Марказ давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрловчи ва уларнинг малакасини оширувчи, шунингдек солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқувчи базавий ўқув-услубий ва илмий муассаса ҳисобланади.
 
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
 
•  биринчиси – мураккаб ва ўзгарувчан муҳитда узоқ муддатли асосда олинган билимларни структуралаш ҳамда амалий вазифалар ечимига тизимли ёндашиш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида қўшимча профессионал таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;