Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, электрон виза (E-VISA) тизими ҳамда Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишидаги авиарейсларнинг йўлга қўйилишига доир тақдимот ўтказилди. Бу ҳақида KUN.UZ мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Саудия Арабистони шайхлари, дипломатик корпус вакиллари, Туризм ассоциацияси вакиллари, Тадбиркорлар палатаси, маҳаллий турфирмалар, Ар-Риёддаги ўзбек диаспораси қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўллаб-қувватлаши остида IntouristUzbekistan, RixosTour ҳамда ShoshContactTravel сайёҳлик компаниялари ташаббуси билан ўтказилган тақдимот ҳақиқий ўзбекона руҳда ўтди.



"Тақдимотда қатор мутафаккирларимиз Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Ал-Мотуридий ва ислом илмининг бошқа бир қанча ҳадисшунос ва мутафаккирлари ислом таълимотига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшишганига алоҳида эътибор қаратилди. Бу мутафаккирларнинг Ўзбекистонда туғилиб, илм олиб етишиб чиққани ва ислом ҳамда ҳадис илмини бутун дунёга кенг ёйгани қайд этилди. Шунингдек Бухоро ҳамда Самарқанд каби қадимий шаҳарларимизнинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди", - дейди RixosTourism бош директори Шерзод Самиғжонов.


















