Нон — ризқ-рўзимиз. Халқимиз дастурхонидаги асосий неъмат ҳам нон ва нон маҳсулотлари ҳисобланади. Ана шулар эътиборидан, узоқ йиллардан буён мамлакатимизда ғалла мустақиллигига эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатлари кўзланган қатор чора-тадбирлар қўлланиб келинмоқда.
Айни пайтда собиқ иттифоқ давлатлари ичида нон ва унга энг арзон нарх айнан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Лекин бундан ғалла етиштираётган фермер хўжаликлари ҳамда ун ишлаб чиқарувчи ва нон ёпувчи корхоналар ҳам манфаатдорми? Асло! Улар улкан зиён билан ишлашмоқда.

2017 йилда фермерлардан ғалланинг тоннаси 550 минг сўмга харид қилинган, ҳолбуки бозорда ғалланинг бир тоннаси 1 млн 600 – 1 млн 800 минг сўмга сотилган.
2014 йилдан буён қолипли нонга бўлган нархнинг бир маромда сақлаб келинаётгани оқибатида «Ўздонмаҳсулот» АК тасарруфидаги корхоналарнинг зарари 489 миллиард сўмни ташкил этган.
Ҳисоб-китобларга кўра, унга белгиланган улгуржи нарх (1120 сўм/кг) ва қолипли нонга чакана нарх (650 сўм/дона) сақланиб қолинадиган бўлса «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналарининг зарари 2018 якунларига кўра 868 миллиард сўмни ташкил этади.
Боз устига соҳа корхоналарининг 2018 йил 1 июнь ҳолатига нисбатан қарзлари 2,7 триллион сўмдан ошиб кетган.
Давлатнинг нархларни паст даражада ушлаб туришга бўлган саъй-ҳаракатларига қарамасдан ҳақиқий бозор нархлари тасдиқланган нархлардан баландроқ бўлиб турибди.
Масалан, республика бозорларида 1 навли маҳаллий уннинг килоси 1400-1600 сўмга сотилмоқда. Қозоғистонда ишлаб чиқарилган уннинг килоси 2400-2600 сўм. Бу ҳолда уннинг тасдиқланган баҳоси 1120 сўм/кг. Дўконларнинг расталарида давлат томонидан тасдиқланган нархдаги ун деярли сотилмаяпти.
Қолипли ноннинг 1 донаси учун нарх 650 сўм қилиб белгиланган эса-да, кўплаб ҳудудларда нон 700 сўмдан (Бухоро, Қарши, Навоий, Самарқанд) 1000 сўмгача (Жиззах, Наманган, Термиз, Фарғона) сотилмоқда.
Кун.уз ўтган йили декабрь ойида Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани марказидаги деҳқон бозорида қолипли нон 1250 сўмдан сотилаётгани мавзусини муҳокама қилган эди.
















