Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи Nexus лойиҳаси Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу кўп секторли инвестициялар учун имкониятлар яратувчи лойиҳадир, бу инвестициялар эса, ўз ўрнида сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлайди.
Олмаота шаҳрида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), USAID, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, ЮНЕСКО ва Қозоғистон-Германия университети қўллаб-қувватлаши остида атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масаласига бағишланган IX Марказий Осиё Етакчилик дастури доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг "Атроф-муҳит бошқаруви" дастури етакчи мутахассиси Салтанат Жакенова KUN.UZ мухбирига лойиҳа ҳақида сўзлаб берди.

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий жиҳатдан ривожланаётган бир даврни бошдан кечирмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш - Марказий Осиё мамлакатлари сиёсатининг устувор жиҳатларидан бири. Қандай йўл билан ривожланиш, қандай инвестициялар жалб қилиш - бошқа масала.
Агар илгари ҳар бир сектор ўзи учун алоҳида сармоя жалб қилган бўлса ёки лойиҳалар давлат бюджети асосида амалга ошириладиган бўлса, нима учун энди лойиҳаларни бирйўла бир неча сектор талабини қондирадиган даражада бажармаслик керак?!
Nexus лойиҳаси экологик барқарор инвестицияларни тарғиб қилади. Даставвал лойиҳа идентификацияси кетаётган пайтда унинг ғояси муҳокама қилинади.
Экологик барқарор инвестициялар - бу атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатувчи сармоялар. Биз бизнес даражасига чиқмаймиз, биз давлат органлари ва ҳукумат даражасида ишлаймиз. Лойиҳа бизнес томонидан амалга оширилса, у чиқиндилар борасида экологик ечимига эга бўлиши керак. Бизнес тараққиёт банкларидан кредит оладиган бўлса, банклар албатта АМТБ (атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш) жараёнини ўтказишни талаб қилади ва улар ушбу лойиҳани кузатиб боришади. Қурилиш лойиҳаси хавфларни камайтиришни кўзда тутувчи экологик режага эга бўлиши керак. Лойиҳа эътибор қаратаётган асосий жиҳатлардан бири - минтақавий инвестицион лойиҳа, бу Марказий Осиё минтақавий экологик маркази тараққиёт банклари билан муҳокама қилувчи лойиҳалардир. Ушбу лойиҳалар экологик йўналишга эга бўлади, масалан, Орол денгизи муаммолари.
















