Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь - 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Давлат раҳбари дастлаб Агра шаҳрига ташриф буюрди. Ўзбекистон делегацияси аэропортда тантанали кутиб олинган. Президент бу ерда рафиқаси билан бирга жаҳонга машҳур Тож маҳал обидасини бориб кўрди.

Шундан сўнг президент Нью-Деҳлидаги “Палам” аэропортида Ҳиндистон анъаналарига хос тарзда кутиб олинди. Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

1 октябрь куни Ҳиндистонда президент Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон мадҳияси янгради. Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини тантанали кутиб олиш маросими Ҳиндистон президентининг саройида бўлиб ўтди. Мирзиёев Ўзбекистон ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари учун қисқа баёнот ҳам берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонни дунёдаги энг катта демократия деб атади, у билан ўзбек халқи тарихий алоқаларга эга эканлигини таъкидлади. «Мен меҳмондўст Ҳиндистон заминида бўлиб турганимдан жуда хурсандман. Ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбида Ҳиндистон алоҳида ўринга эга. Бизнинг халқларни тарихий алоқалар, ўхшаш урф-одатлар, маънавий ва маданий дунёнинг яқинлиги боғлаб туради. Биз учун Ҳиндистон - эзгулик ва бағрикенглик нурини таратиб турувчи буюк цивилизация. Бу дунёдаги энг катта демократия», - деди Мирзиёев.