Жаҳон | 10:58 / 06.10.2018
15425
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев порахўр мансабдорларни қўлга олиш ҳақида МХҚга кўрсатма берди

Фото Турар Казангапов

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасига коррупцияга аралашиб қолган мансабдорларни қўлга олиш ҳақида топшириқ берди, дея хабар қилади Tengrinews.kz

«Бугунги кунда раҳбарлар ҳужжатни имзолашдан қўрқишади. Эртага келиб, уларга босим ўтказишади. Яна қўрқитишади: «Мен сенга кўрсатиб қўяман!» Мен МХҚга бундай мансабдорларни ушлаш ва жиноий иш очиш ҳақида топшириқ бераман. Ким ўзи бундай ҳуқуқ берди?» - деган Назарбоев.  

Эслатиб ўтамиз, Назарбоев Оқўрда қароргоҳида Қозоғистон халқига мурожаат билан чиқди. Мурожаат мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига ҳамда қозоғистонликлар фаровонлигини янада ошириш бўйича вазифаларга қаратилган.

Назарбоев 1 сентябрь куни парламент палаталарининг қўшма йиғилишида халққа мурожаат билан чиқиши ҳақида хабар берганди.
 
«Биз сизлар билан жуда қизғин вақтда яшаяпмиз. Аниқроқ чоралар кўришимиз керак. Бу менинг яқин вақт ичида халққа мурожаатимда айтилади», - деганди Нурсултон Назарбоев ҳукумат аъзолари ва депутатларга.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам сўнгги пайтларда коррупцияга аралашиб қолган мансабдор шахсларга қарши кураш кенг қулоч ёзди. 

Аввалига, Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган Туробжон Жўраев пора билан қўлга тушди. Шундан сўнг, Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими, Андижон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси, «Ўзбекистон почтаси»нинг Самарқанд филиали раҳбари, Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокими ёрдамчиси ва туман молия бўлими раҳбари, Наманганда ҳоким ўринбосари,  Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари пора билан қўлга олинди. 

Мавзуга оид