Ўзбекистон | 10:17 / 09.10.2018
21879
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Тожикистон билан чегарани миналардан тозалашга киришди

Иллюстратив фото/ТАСС

Бугунги кунда Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг Панжикент ва Самарқанд шаҳарлари йўналишида миналардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Тожикистонлик мутахассислар ўзбек сапёрларига чегарани миналардан тозалашда ёрдам беришмоқда, деб хабар қилди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот маркази бошлиғи, подполковник Муҳаммад Улуғхўжаев «АП»га.

Унинг сўзларига кўра, чегарани миналардан тозалашдан аввал Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари, Мудофаа вазирлиги ва Миллий мина маркази вакиллари киритилган, икки мамлакат ҳукуматларининг қўшма гуруҳи Тошкент томонидан тақдим этилган чегаранинг миналардан тозаланган участкалари харитаси билан танишдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг қайси участкаларига миналар қўйилгани ва уларнинг умумий майдони қандай экани ҳақидаги маълумот махфийлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга илк давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари 2019 йил охиригача умумий чегарани миналардан тозалаш бўйича ишларни якунлаш тўғрисида келишиб олдилар.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон Тожикистон билан чегаранинг тоғли қисмларига миналар жойлаштирди. Ўшанда расмий Тошкент бундай ҳаракатларни Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг мамлакат ҳудудига киришига тўсқинлик қилиш билан изоҳлаганди.

Тожикистон Миллий мина маркази маълумотларига кўра, ўтган йигирма йил мобайнида республиканинг 374 нафар фуқароси пиёдаларга қарши миналар портлаши оқибатида ҳалок бўлди, яна 485 нафар тожикистонлик жароҳат олди: фожиалар нафақат Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида, балки республика ичида ҳам юз берган.

Миналардан тозалаш вақтида 20 киши тан жароҳати олди, тожикистонлик икки нафар сапёр ҳалок бўлди.

Мавзуга оид