Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда ҳамёнбоп авиакомпания – лоукостер ташкил этиш топшириғини берди. У бу ҳақда Қозоғистон инвестициялар ва ривожланиш вазири Женис Касимбек, “Самрук-Қазына” АЖ директорлар кенгаши раиси Ричард Эванс ва Air Astana авиакомпанияси президенти Питер Фостер билан учрашувда маълум қилган.

Жумладан, Нурсултон Назарбоев аҳоли учун авиаташув хизматлари ҳамёнбоплигини ошириш муҳимлигини таъкидлаб ўтган.
“Air Astana бош авиакомпаниямиз ҳисобланади. Биз уни Ричард Эванс билан биргаликда ташкил этганмиз. Ўтган йиллар ичида катта иш қилинди. Бугунги кунда компания ўзини яхши томондан кўрсатган ва катта нуфузга эга”, деб айтган Қозоғистон раҳбари.
Air Astana Қозоғистоннинг энг йирик авиакомпанияси бўлиб, “Самрук-Казына” миллий фаровонлик жамғармаси (51 фоиз) ва Британиянинг BAE Systems PLC компанияси (49 фоиз) қўшма корхонаси ҳисобланади. Бугунги кунда унинг паркида 33 та самолёт бор, жорий йил охиригача уларнинг сонини 36 тага етказиш режалаштирилган.










