Жамият | 12:50 / 26.11.2018
42510
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда пенсионерлар сони ошиши кутилмоқда». Пенсия соҳасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди

23 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес маркази биносида «Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш истиқболлари» халқаро амалий семинари ўтказилди. Семинарда халқаро экспертлар, ҳукумат ва матбуот вакиллари қатнашди.

Дастур бўйича семинар қатнашчилари навбатма-навбат сўзга чиқишди. Йиғилиш раиси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ёрқин Турсунов тадбирни очиб берди ва пенсия масаласида муҳокама бошланди.

Ёрқин Турсунов кутилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.

«Пенсия учун мажбурий бадаллар бекор қилингани натижасида молиявий дефицит кузатилиши мумкин. Бу 2020 йилда рўй бериши кутилмоқда. 2019 йил учун қўшимча чоралар натижасида бу муаммо сезилмайди. Лекин, 2 йилдан сўнг бу муаммо вужудга келиши мумкин. Биз бунга ҳозирдан тайёргарлик бошлаганмиз», дея унинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Йиғилиш давомида халқаро экспертлар томонидан бир неча таклифлар берилди. Хусусан, Россия Федерацияси Молия вазирлигининг Илмий-тадқиқот молия институти директори Владимир Назаров кўп болали оилаларни қўллаш кераклигини айтиб ўтди.

«Бу демографик сиёсатга ўз таъсирини кўрсатади. Жаҳон стандарти бўйича мамлакатда оилаларда фарзандлар сони 2 нафардан оз бўлса, бу ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Бизнинг давлатда оилада фарзандлар сони кўпайгани сари пенсия миқдори ошиб боради», дейди халқаро эксперт.

Амалий семинар доирасида Халқаро Вестминистер Университети «Молия» кафедраси мудири Омон Ганиев ҳам қатнашиб, мамлакатда кутилаётган пенсия ислоҳоти ҳақида фикр билдирди.

«Бизнинг мамлакатда ишга яроқли қатлам асосий қисмни ташкил этади. Буларнинг ичида бизнинг хориждаги меҳнат муҳожирлари энг катта контингент ҳисобланади. Бу тоифа ишчилардан пенсия тўловлари етиб келмайди. Ишловчи пенсионерлар масаласига келсак, асосий қисми таълим ва тиббиёт соҳасига тўғри келади. Бошқа соҳаларни кам миқдорда қамраб олган. Шунга қарамай, келажакда пенсия олувчилар миқдори ошиши кутилмоқда. Натижада бу бўйича катта босимга дуч келиш мумкин», дея таъкидлаб ўтди молия соҳаси мутахассиси.

Шундан сўнг, йиғилиш раиси Ёрқин Турсунов янги Концепция ҳақида фикр билдирди: «Одамлар бу ислоҳот ҳақида эшитиши билан дарров пенсия ёши оширилиши ҳақида айтишмоқда. Халққа зарар келтириш ниятимиз йўқ. Биз улардан олишдан кўра беришни мақсад қилганмиз. Концепция бўйича ишлар Президент томонидан 2019 йил 1 апрелгача якунлаш топширилган бўлса-да, биз январь ойларига тугатишни режа қиляпмиз», деган у.

«Ижтимоий ҳимояда пенсия масаласи доимо долзарб бўлиб келган. Мамлакат аҳолисининг асосий қисми ишга яроқли қатлам. Лекин, шунга қарамай пенсияга доимий эътибор қаратилиши лозим. Пенсия бўйича ислоҳотларни тартибли йўлга қўйиш мақсадида Жаҳон банки вакиллари билан ишлар олиб борилмоқда. Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш керак. Мисол қилиб Польшани ҳам олиш мумкин», деган БМТ Тараққиёт дастури вакили Хуршид Рустамов.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари Қўмитаси раиси Мухаммед Жумагалдиев ҳам сўзга чиқиб, ҳар бир инсон тинч, бекаму-кўст ҳаёт кечиришга ҳаққи борлиги, янги йилдан пенсия соҳасида қилинаётган ислоҳотлар шахсан президент назоратида экани ҳақида гапирган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясида Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилганди. 

Бугунги кунда пенсия ёши Ўзбекистон Республикасида нафақат Европа, Америка, Осиё мамлакатлари орасида, балки МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик ҳисобланиб, муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқини ҳисобга олган ҳолда, ўртача эркакларда 58 ва аёлларда 53 ёшни ташкил этади. Муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқи ҳисобга олинмаганда эса, эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда пенсияга чиқади.

Мавзуга оид