Ўзбек ахборот оламида прописка масаласи алоҳида ўрин тутади. Бу борада шу қадар кўп ва хўб ёзилганки, бошқа бирор муаммо ҳақида бунча ёритилса, ҳамма зериккандан дод деб юборарди. Аммо прописка «ўлмас» мавзулардан. Қанча муҳокама қилинса, шунча мазаси чиқаверади. Чунки, бу каби ақл бовар қилмас тизим айнан бу шаклда фақат бизда учрайди.
Сўнгги кунларда ахборот оламининг ўзбек сегментида бу мавзу яна бир тўлқинланди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг «Доимий прописка: тақиқми ёки даромад? Инсон ҳуқуқлари-чи?» номли мақоласи анча шов-шув бўлди. Бу мақола ортидан акс-садо тарзида яна бир неча чиқишлар кузатилди ва мавзуга турли-туман қарашлар баён қилинди. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзоқовнинг ўз саҳифасида бу мавзуни муҳокама қилатуриб бундай тизим сақланиб қолмаса, жиноятчилик ортиб кетишини билдиргани, прописка бўйича чекловларга «инсон ҳуқуқлари бузилиши сифатида қараш, бизнинг назаримизда мутлақо хато ёндашувдир» дегани қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.
Табиий савол туғилади – прописка тизими қандай пайдо бўлган ва ундан ким манфаатдор?
Ҳар бир жараён сингари прописка (расмий ҳуқуқий атамаси – доимий яшаш жойи бўйича қайд қилиш) тушунчаси туғилгунга қадар ҳам маълум босқичлар босиб ўтилган. Инқилобгача бўлган Россия империяси даврида барча ҳудудлар рус зодагонларига бўлиб берилганди. Ўша пайтларда ҳам озми-кўпми миграция жараёни кечар, айрим деҳқонлар унумдор ерлар ва каттароқ даромад илинжида бошқа ҳудудларга баъзан кўчиб, баъзан қочиб кетишарди. Бу ҳолатнинг олдини олиш бўйича қатъий чекловлар қўйилди ва ҳар бир ҳудудда яшовчи ишчи–деҳқонлар ўз соҳибларининг ёки губернаторнинг рухсатисиз яшаб турган ҳудудларини тарк этишга ҳақлари йўқ эди.
Бирор сабаб билан бошқа ҳудудга бориши шарт бўлган деҳқон ўз ҳудудидаги бошлиғининг ёзма рухсатини олиши керак бўларди. Айнан мана шу қоғозлар кейинчалик паспортларнинг илк тамал тошига айланди. Фотография ривожланмаган бир даврда помешчик ўз қўл остидаги деҳқоннинг исм-шарифини келтириб, унинг аслида кимнинг тасарруфида эканини, қаерга, нима мақсадда ва қанча муддатга кетаётганини қоғозга туширар, шунингдек йўловчининг шакл-шамойилини, масалан соқолининг узунлиги, юзидаги холи каби яққол белгиларини қисқа тарзда баён этарди.
















