Малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот фаолиятида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида Истанбул техника университети ректори Мехмет Каража бошчилигидаги Туркия Республикаси делегацияси 2018 йилнинг 18-20 декабрь кунлари Тошкент шаҳрига илк бор ташриф буюрди. 

Истанбул техника университети техника йўналишида малакали кадрлар тайёрлайдиган Туркиянинг энг катта университетларидан бири ҳисобланади. 1773 йида ташкил топган ушбу олий таълим муассасаси инфратузилмаси, илмий салоҳияти, факультетлар  ва талабалар сони ҳамда машҳур битирувчилари билан нафақат мамлакат балки кўҳна қитъанинг энг нуфузли университетларидан бири ҳисобланади. 

Ташриф доирасида Истанбул техника университети делегацияси аъзолари И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига ташриф буюриб, республикамиз олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишдилар ҳамда илғор тажрибалар билан ўртоқлашдилар. 

Истанбул техника университети ректори Мехмет Каража Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида мавжуд технопарк имкониятлари билан яқиндан танишди ҳамда ушбу олийгоҳда пойтахт олий таълим муассасаларининг ректорлари, инновациялар ва илмий ишлар бўйича проректорлари, докторантлар ва магистрантлар учун олий таълим муассасасини илғор технологиялар асосида ривожлантириш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш стратегияси тўғрисида маъруза қилди. 

Жаноб Меҳмет Каража, ўз маърузасида, олий таълим муассасаларида технопарклар ташкил этиш орқали ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари учун инновацион ғоялар ва илғор ишланмаларни яратиш, илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини тижоратлаштириш асосида олий таълим муассасасининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда олий таълим муассасаси талабалари (битирувчилари) томонидан “ноу-хау”лар яратилиши орқали кичик ишлаб чиқариш фирмаларини ташкил этиш кўникмаларини шакллантириш юзасидан Истанбул техника университети тажрибаси билан ўртоқлашди. 

Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов билан бўлиб ўтган учрашувда Туркия Республикаси делегацияси аъзолари билан икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликка асос солиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар академик алмашинувини йўлга қўйиш, техника соҳасига ихтисослаштирилган қўшма факультет (Тошкент давлат техника университети билан биргаликда) ҳамда ҳамкорликдаги илғор технопаркларни (техника йўналишидаги олий таълим муассасалари консорциуми асосида) барпо этиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.