Фуқаролик жамиятининг асосий мезонларидан бири, судлар адолатни таъминлашидир. Ҳуқуқингиз бузилдими? Марҳамат, судга мурожаат қилинг. Қўрқмасдан, кўнглингизда заррача шубҳасиз. Фуқароларнинг ишончи қачон шу нуқтага етганда билингки, қонун устуворлиги ҳар жабҳада ўз сўзини баралла айтмоқда.
Таҳририятимизга келган навбатдаги мурожаат мазмунини тинглаб ёқамизни ушладик. Бир фуқаро ўз даъвоси билан судга мурожаат этган. Аммо, судларнинг ҳам тури кўпда, яъни фуқаролик, жиноят, иқтисодий, ҳарбий ва маъмурий судлар. Бу фуқаронинг иши энди қай бирига тўғри келса? Шу масала муаммога айланган. Айтайлик, бир фуқаро бошқа фуқарони ҳақорат қилса, аввал бу иш маъмурий суд томонидан, сўнгра белгиланган муддат ичида такроран бу қилмиш содир этилса, жиноий ҳаракат саналиб жиноят судида кўриб чиқилади.
Ишнинг мазмуни
Мурожаатчи 2014 йилнинг октябрига қадар Ички ишлар Қоровул қўшинлари Бош бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда контракт асосида ишлаб келган. Ўша йилнинг 25 август куни хизмат текшируви ўтказилган.
Мурожаатчи ишни кўриб чиқишдаги муддатлар масаласида шикоят қилган.
Унга кўра,
1) хизмат текширувидан 15 кун ўтиб текширув хулосаси тузилган;
2) 37-кун ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бу билан Меҳнат Кодексининг 101-моддаси, 4-қисми қоидалари бузилган, яъни белгиланган муддатлар ўтиб кетган, дея арз қилган.
Меҳнат кодексининг 182-моддасига кўра, интизомий жазога тортиш учун хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин бир ой ичида қўлланилиши лозим, деб белгиланган. Мурожаатчи ушбу важлар билан судга арз қилиб ўз ҳуқуқларини тикламоқчи бўлган. Аммо, буёғи у ўйлаганчалик осон бўлса қанийди...
Судлар остонасидаги мавҳумлик
Ҳарбий суд
Аввалига ҳарбий қисмда ишлаб бўшатилгани сабабли ҳарбий судга мурожаат қилади. Тошкент ҳарбий суд раиси ўзининг жавоб хатида ҳарбий судлар қандай ишларни кўриши ҳақида тушунтириш бериб ўтади. Яъни, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;



















