Ўзбекистон | 14:06 / 28.02.2019
11314
2 дақиқада ўқилади

Дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик пайдо бўлмоқда

28 февраль куни ўз ишини бошлаган Сенат XVIII ялпи мажлисида 3та қонун ҳужжатига яъни амалдаги Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Қонун билан мамлакат ҳаво ҳудудидан замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида ноқонуний фойдаланиш учун жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган. Яъни, янги нормага кўра, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш жиноий жавобгарликка асос бўлади», - дейди маърузачи сенатор Исломиддин Аброров.

Унинг таъкидлашича, бундай тартибни белгилаш зарурати, энг аввало, жамиятда ҳаёт ва соғлиққа ҳамда давлат тузумига қарши ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш таҳдидларининг мавжудлиги билан боғлиқдир.

5 моддадан иборат қонунга кўра, Жиноят кодексига янги киритилган моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этиш, яъни 244-4 модда – Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек 248-1-модда – Учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш ҳолатлари юзасидан суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш қисми ички ишлар органларига, шунингдек Жиноят кодекси 244-4-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш қисми божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ бўлганлиги учун унинг суриштируви Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмаларига юклатилган.

«Ушбу норманинг ҳаётга татбиқ қилиниши самарали тергов қилиш ва сифатли суриштирув тадбирларини амалга оширишга хизмат қилади», - деб қўшимча қилган сенатор.

Дрондан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун нималар талаб этилади?

Мавзуга оид