Жамият | 17:47 / 01.04.2019
70598
5 дақиқада ўқилади

Давлат тест маркази судда ютқазди: 48 сония кечиккан абитуриент учун адолат тикланадими?

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг 20 сентябрида Тошкент шаҳар Юнусобод туман маъмурий судида қизиқ мурожаат кўриб чиқилди. Фуқаро Сарвиноз Ибрагимова Давлат тест маркази мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят ариза келтирган. Суд судья С.Қўчқоров, ёрдамчи А.Каримов, Юнусобод туман прокурори ёрдамчиси, аризачининг адвокати ва Давлат тест маркази вакили иштирокида ишни кўриб чиқди.

С.Ибрагимованинг айтишича, у 2018 йилнинг 1 август куни Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишга кириш учун давлат имтиҳонини топширган. Имтиҳон Бухоро шаҳридаги «Семурғ» спорт мажмуасида бўлиб ўтган. Тест синовлари бошлангач, унга ажратилган ручка ёзмаслигини билиб қолган. Ўша ердаги масъул ходимдан тест жавобларини белгилаш учун бошқа ручка сўраган. Лекин ходим янги ручка бериш ўрнига ўша ручкани соз ҳолга келтиришга уринган. Орада абитуриент вақт йўқотган ва асабийлашишига асос бўлган. Шунингдек, тест саволларини ечаётган вақтида 3 (уч) соат вақт тугамасдан ўша ердаги назоратчи вақт тугаганини айтиб, жавоблар варақасини топширишини талаб қилган. Бу орада вақт беҳуда сарфланган ва бир неча дақиқадан сўнг белгиланган вақтда жавоблар варақасини назоратчига топширган. Назоратчилар у кечиккани учун далолатнома тузиб, жавобларни қабул қилмасликларини айтишган. У ўз вақтида топширганини айтишига қарамай унинг жавоблар варағи қабул қилинмаган.

Абитуриент Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган низомини асос қилиб Давлат тест марказига мурожаат қилган. Унга ўша куни кузатув камераларига муҳрланган видеоёзувлар кўрсатилган. Унга жавоблар варақасини 18:00:48да топширгани ва 48 сония кечикканини айтишган. Абитуриент ўзи билан бирга олиб кирган буюмларини йиғиштириб ўтирган жойидан назоратчининг ёнигача келгунга қадар шу 48 сония сарфланганини айтган.

Низом талабларида айнан қайси сония жавоблар варақасининг охирги сонияси бўлиши кераклиги айтилмагани ва ажратилган вақт тугашини билдирувчи бирор сигнал қайд этилмаганини тушунтирган. Бироқ, Давлат тест маркази томонидан булар инобатга олинмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, абитуриент суддан унинг тест жараёнларидан четлаштириш ва натижалари чиқарилмасликда ифодаланган хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиб, жавобгарга унинг жавоблар варақасини кўриб чиқиш мажбуриятини юклатишини сўраган.

Иккинчи тараф бўлган Давлат тест маркази ишончли вакили А.Юсупов шикоят аризасини тан олмаган. У абитуриент Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган низомнинг 52-бандини бузганини айтган. Соат 18:00дан ошган бўлишига қарамай жавоблар варақасини топширмаганини тушунтирган. Бу ўринда назоратчилар тўғри фаолият олиб боришганини баён қилиб, шикоят аризани рад қилишни сўраган.

Суд масалани атрофлича ўрганиб чиқди. Низомнинг 6-бандида тест топшириқлари учун 90та тест саволларига 3 соат вақт берилиши белгилаб қўйилган. 52-бандда эса берилган муддат тугаганидан сўнг, абитуриент тест жавоблар варағини топширишдан бош тортса, тест синовлари жараёнидан четлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Яна судга берилган видеотасвирларга кўра, имтиҳонлар бошланган вақтда С.Ибрагимовага берилган ручка ёзмай қолган. Бундан ташқари, ажратилган вақт тугамасдан назоратчилар жавоблар варақасини топширишни талаб қилишган ва унга халақит қилишгани ўз тасдиғини топган.

Мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб, Юнусобод туман маъмурий суди С.Ибрагимованинг ҳуқуқлари бузилган деган хулосага келди. Унинг аризаси асосли деб топилди. Уни қаноатлантирди ва Давлат тест марказининг 2018 йил 1 августда ўтказилган тест синовларида С.Ибрагимовани тест синовлари жараёнидан четлаштириш ва натижалари чиқарилмасликда ифодаланган хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топди. Давлат тест марказига С.Ибрагимованинг жавоблар варағини кўриб чиқиш мажбурияти юкланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази орадан вақт ўтиб, Тошкент шаҳар маъмурий судига кассация шикоятини топширган. Лекин бу судда ҳам улар ютқазган ва ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Суд қарори ижро этиладими? Абитуриент тест жавоблари варағи Давлат тест маркази томонидан кўриб чиқиладими? Абитуриент тақдири нима бўлади?

Ҳозирча бу саволлар жавобсиз қолмоқда.

Kun.uz журналисти Зафарбек Солижонов

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид