Жорий йилнинг 26 март куни Бош вазир томонидан Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди. Давлат бюджетига тушумлар масаласида қолоқликка йўл қўйилганлиги учун Миробод, Учтепа туманлари ҳокимлари ва давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари қаттиқ огоҳлантирилди.

Шундан сўнг, ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида солиқ инспекторлари харидорларни тўхтатиб чек сўраётгани, чек бўлмаган ҳолда бозор ҳудудидан чиқармасдан ушлаб тургани ҳақидаги видео тарқалди.

Кейинроқ Солиқ қўмитаси вакили, қўмитадаги бошқарма бошлиғи Тўрабек Тўраев матбуот анжумани чоғида бу вазиятда «солиқ инспекторлари» ноҳақ бўлмаганини маълум қилди. Кўп ўтмасдан Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарида ушбу видеодаги тадбиркорлар фаолиятини текширган шахс қўмита ходими эмаслиги, Учтепа тумани ҳокимлиги вакили эканини маълум қилинди.

Воқеа юзасидан қўшимча тафсилотларни ўрганиш ва икки томондан ҳам изоҳ олиш мақсадида йўлга тушдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Ўрикзор» бозори ҳудудида видеонинг асосий қаҳрамони бўлган тадбиркорни топиш қийин бўлмади. У ҳеч иккиланмай интервью беришга рози бўлди.

«2019 йил 27 март куни соат тахминан 11:00 атрофида мижозлар ташқаридан чек сўраяпти дейишди. Бориб чекни сўраш кимнинг қарори билан бўлаётганига қизиқдим. Бу қанақа текширувлиги ҳақида 10 мартача савол бердим. Шу саволга жавоб беришмади. Ўзларини ҳам таништирмади. Кимлигини сўрашим бу менинг ҳуқуқим. Кимлигини билишим керак-ку? Бирор идоранинг ходимими ёки кўчадаги безорими? Бунга ойдинлик киритиш учун ундан сўрадим. Кимнинг қарори бўйича? Фамилиянг нима деб сўраш керак-ку бундай вақтда. У эса мендан ҳужжат сўради. Йиғилганларнинг барчаси тадбиркорлар эди. Уларни мен йиғмаганман. Хоҳласангиз бозор маъмуриятининг видеоёзувларини кўришингиз мумкин. У ердаги одамлар ўзлари йиғилишди. Мен у кишига савол бердим. Мен унга ўзимни таништирдим, ҳужжатларимни кўрсатдим. У ўзини таништирмади ҳам, ҳужжатини ҳам кўрсатмади. Эшикларнинг олдида туриб мижозлардан сўраса, эртага улар фаолиятимни ноқонуний деб ўйлаб мендан маҳсулот олмай қўяди. Ундан кўра, кириб ўзимдан сўрасин. Ҳужжатларим ҳаммаси тўлиқ, 5 йилдан бери фаолиятимни юргизяпман. Бир ойда 15 марта давлат солиқ идорасидан келади. Ҳужжатларимизни кўрсатамиз. Камчилик бўлса, дарров жарима белгилайди. Бунақа сўрайверса, нафақат менга бутун бозорга келмай қўяди-ку? Солиқлар, ижара пули, коммунал тўловларни тўлашим керак. Бола-чақам бор, уларни боқишим керак. Ундан ташқари, солиқ қўмитаси кунлик инкассация қиласан деган. Бу расман айтилмаган. Ундан ташқари, мижоз келса ўзимга ҳам давлатга ҳам фойда-ку? Пул тушумларидан солиқ тўлайман», дейди тадбиркор.