Ўзбекистон | 16:44 / 06.04.2019
12885
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда маҳалла раислари сайловига тайёргарликда қатор камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди

Фото: senat.uz

Жорий йилнинг 6 апрель куни фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати.

Уни Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Йиғилишда Сенат Кенгаши томонидан тузилган Республика комиссияси саъй-ҳаракати билан қатор ижобий ишлар амалга оширилганига қарамасдан, айрим мутасаддиларнинг сусткашлиги, масъулиятсизлиги Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим ҳисобланган тадбирга тайёргарлик кўришда камчиликлар мавжудлигига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Фото: senat.uz

Хусусан, деярли барча ҳудудларда сайлов бевосита ўтказиладиган манзил ва объектлар рўйхатини шакллантириш ишлари сусткашлик билан олиб борилмоқда. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссияларнинг эътиборсизлиги оқибатида аксарият ишчи гуруҳлар раҳбарлигига сайлов қонунчилигидан, бу тадбирнинг моҳиятидан деярли бехабар шахслар тайинланганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, баъзи вилоят ва туман, шаҳарларда шу пайтга қадар тегишли комиссияларнинг масъул котиблари ҳам тайинланмаган. Бу масалага Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳамда Тўрақўрғон, Косонсой, Амударё, Кегейли, Беруний, Нуробод, Ургут, Пахтачи туманлари ва Самарқанд шаҳрида мутлақо эътибор   қаратилмаган.

Айрим ҳудудий комиссиялар янги таҳрирдаги Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишда масъулиятсизликка йўл қўйган. Хусусан, бундай ҳолатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида кузатилмоқда.

Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнини танқид ва таҳлил қилиш руҳида ўтган тадбирда ҳар бир комиссия аъзосига жойларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун зудлик билан зарур чоралар кўриш ҳамда амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида Республика комиссиясини жорий йил 15 апрелга қадар хабардор қилиш топшириғи берилди.

Мавзуга оид