11:20 / 16.04.2019
28570

Роғун ГЭСда таъмирлаш ишларидан кейин сув омборини тўлдириш бошланди

Фото: AFP

Роғун ГЭС дирекцияси сув омборини тўлдириш бошлангани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Бир ҳафта аввал Роғун ГЭС сув омборига тўғондаги профилактик таъмирлаш ишларини бажариш ва биринчи гидроузел ишини текшириш учун сув туширилгани маълум бўлганди.

«Таъмирлаш ишлари тугади. Сув омборида 60 метрлик кўрсаткичга етгач, гидроузелнинг биринчи агрегати қайта ишга туширилади», - дея хабар берди Роғун ГЭС дирекциясидаги манба. Аввалроқ, режага кўра таъмирлаш ишлари 31 мартгача давом этиши хабар қилинганди.

Роғун ГЭС қурилиши бўйича бош пудратчи Salini Impregilo компанияси вакилларининг 15 апрель куни хабар қилишича, сув омбори ўнг қирғоғидаги таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган ҳамда компания муҳандиси сув омборини тўлдириш учун рухсат берган.

«Роғун ГЭС» ОАЖ вакиллари 6 апрель куни анонимлик шартига кўра, сув тўғонда таъмирлаш ишларини бажариш мақсадида туширилгани ҳақида хабар қилдилар. Бошқа манбалар сув туширилиши сув омборида сув сизиб чиқиш билан боғлиқ эканини билдиришган. Бироқ, мутахассислар бу маълумотни рад этдилар. «Тўғонни қуришда сув омборида сувни фильтрлаш кузатилмоқда. Бу табиий жараён ва ташвишга сабаб йўқ», - дейди манба.

Бундан олдин, Тожикистон Роғун ГЭС бўйича Жаҳон банкидан ёрдам сўраганди.

Тожикистон ҳозирга қадар Роғун ГЭСни асосан ўз маблағлари ҳисобига қурган. Мамлакат Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда ушбу мақсадлар учун бюджетдан 2 миллиард 100 миллион сомоний (222 миллион АҚШ доллари) ажратилади. Ўтган йили 4,7 миллиард сомоний гидро электр станцияни қуришга кетди, улардан 3,4 миллиарди - бюджет маблағлари, қолган қисми эса 2018 йилга Тожикистонга ажратилган евробондлардан олинди.

Top