Ўзбекистон | 15:00 / 03.05.2019
168482
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун янги жарима жорий этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади. 

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

135-модда (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (ушбу Кодекс 135-1-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариш».

Яъни, ўзгартиришларга кўра, агар юридик шахсларнинг йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари ўз ёнида малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаса, унда улар энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлайдилар.

Маълумот учун: мазкур қонун уч ой ўтгач амалга киритилади.

Бундан олдин, Жиноят кодекси иккита янги модда билан тўлдирилганди.

Мавзуга оид