Ургут туманидаги мактабларнинг ўқитувчилари маошларидан бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганларнинг контракти учун пул ўтказиб бериш бўйича буйруқ олишгани юзасидан мурожаат қилишди.
Уларнинг маълум қилишича, туман ҳокими Маматжон Турдиев барча мактаб директорлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, ҳар бир мактаб жамоаси ўз ҳудудидаги маҳалладан ҳарбий хизматга бормаган битта йигитни топиб, сафарбарлик чақирув резервига (бир ойлик ҳарбий хизмат) юбориш вазифаси топширилган.
Яқин йилларгача жамиятнинг энг «ҳимоясиз улкан қатлами» ҳисоблаб келинган бу соҳа вакилларига ўз вазифасидан ташқари турли юмушлар буюрилгани рост. Аммо сўнгги йилларда мажбурий меҳнат, ноқонуний йиғимлардан ўқитувчилар анчагина халос бўлгани сабабли дастлаб маълумотга шубҳа билан қарадик. Аммо таҳририятимизга бирин-кетин шу ҳолатни тасдиқловчи хабарлар кела бошлади.
Вазиятга аниқлик киритиш учун тумандаги бир қатор мактабларда бўлдик. Халқ орасида бекорга «ҳимоясиз қатлам», дейилмас экан. Айрим директорлар ҳокимнинг худди шу топшириғини бажараётганини очиқ-ойдин баён қилган бўлса, бир неча мактаб директорларидан маълум сабабларга кўра, «ҳеч нарса деёлмайман», «мен ўша йиғилишга бормаган эдим», каби жавоблар ҳам олдик. Аммо бирор директор «бу бўлмаган гап», деган эмас. Шу билан бирга юқоридаги ҳолатнинг бор гап эканини, айни вақтда кимнидир ҳарбий хизматга юбориш учун энди ўқитувчилардан пул йиғишга мажбур эканини таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Биз Ургут тумани мудофаа бўлимига борганимиз йўқ. Суратдаги ҳужжатни эса тумандаги мактаб директоридан олдик.
Ургут туман ҳокими ҳам, туман халқ таълими бўлими мудири ҳам ушбу мақола эълон қилингач, «барчаси туҳмат, ҳаммаси бекор гап» дейиши кундек равшан.
Унда савол: мактаб директорларининг қўлида «Молия вазирлигининг «Сафарбарлик чақирув резерви маблағлари» махсус ҳисоб-рақамига бадал ўтказиш тартиби тўғрисидаги шартнома» нима қилиб «адашиб» юрибди?

Ана шу ҳужжатларни бизга тақдим этган директорлар (мактаблар рақами ва суҳбат аудиоёзуви таҳририятда бор) навбатдаги бошоғриқнинг бор гап эканини тасдиқлаб, аллақачон ҳарбий хизматга чақирилувчи ҳам топишганини билдиришди.
«Чақирилувчи топдик, энди уни ҳарбий хизматга «агитация» қиламиз. Шартномада битта банд бор, агар чақирилувчи пулни тўламаса, кафилликка ўтган шахс тўлайди. Кафилликка эса… мактаб ўтяпти. Тўғри, ҳокимбова бу кўрсатмани буйруқ эмас, илтимос шаклида айтмоқда. Аммо сўнгги пайтлар шу тарзда айтиладиган бўлиб қолди ўзи...», дейди мактаб директорларидан бири.


















