Ўзбекистон | 16:37 / 14.05.2019
47995
1 дақиқада ўқилади

Hyundai Қўқонда йилига қанча электромобил ишлаб чиқаришни режалаштираётгани маълум бўлди

Фото: Hyundai

Жанубий Кореянинг Hyundai компанияси Қўқонда йилига 10 минг донагача электромобил ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Лойиҳа қиймати - 300 миллион доллар, дастлабки серияли электромобилни ишлаб чиқариш 2023 йилга мўлжалланган.

«Қўқон» эркин иқтисодий зонасида автомобилларни серияли ишлаб чиқариш ташкил этилади. Қуввати йилига 10 минг дона электромобил бўлган завод қурилиши 2021 йилда бошланиши керак.

Лойиҳада Жанубий Кореянинг Hyundai, Evergreen Motors (МДҲда KIA ва Hyundai расмий дистрибьютори), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги иштирок этади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1000 иш ўрни яратилади.

Бу Hyundai’нинг Ўзбекистонда автомобилсозлик соҳасидаги биринчи лойиҳаси эмас. Компания Наманган вилоятида 1 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариши мумкин бўлган юк автомобиллари, шаҳарлараро ва туристик автобуслар, шунингдек, махсус транспорт воситалари йиғишни йўлга қўяди.

Мавзуга оид