Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги рўй бераётган навбатдаги зўравонликлардан бири — фуқаро Ориф Қирғизов томонидан аукционда харид қилинган эски ташландиқ гараж биноси билан боғлиқ машмашалардир. У 2018 йил 10 октябрда «Capiral Rieltor Group» МЧЖнинг Самарқанд филиали орқали «Шомбулоқ кучи» ММТПдан ушбу объектни харид қилган ва олди-сотди шартномаси имзоланган.

Гараж бинолари ва жами 40 сотих ер майдони учун ҳужжатлар тайёрланган. Бироқ туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ер майдонини бириктириб бериш тўғрисида қарорни имзоламасдан келмоқда.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Биз бир муддат аввал, 1 апрель куни балиқчи фермерлар можароси билан туманга борганимизда Ориф Қирғизовнинг рафиқаси Гулчеҳра Тошмонова ўзлари дуч келаётган муаммо учини чиқарган, ҳоким ҳужжатга қўл қўйишини кутаётганини гапириб берган эди.

Ўшанда Гулчеҳра Тошмонова «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ҳамза Ҳожимаматов ушбу гараж борасида айрим режалари борлигини очиқлаганини айтиб ўтган эди.
Ориф ака ва Гулчеҳра опа мазкур ҳудудда «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури доирасида чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган. Банкдан 50 миллион сўм кредит олишган, яна ўзларининг маблағларини сарфлашни ният қилишган.
Кунлар ўтиб, Қирғизовлар оиласи жиддий муаммога дуч келишмоқда. Ерни бириктириб бериш учун ҳужжат ҳамон туман ҳокими томонидан имзоланмаган. Улар ҳудудда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун қурилиш ишлари олиб боришганда фермер Ҳамза Ҳожимаматов милиция ходимлари билан келиб тўсқинлик қилган.

Гулчеҳра Тошмонова бу масалада туман ҳокими ҳузурига бориб,у билан учраша олмаяпти. Аввал ҳам ёзиб хабар берганимиздек, туман ҳокимлиги халқдан иҳота қилинган, милиционерлар арз билан келган инсонлар туман раҳбари ҳузурига киришига йўл қўйишмайди. Бу туман ҳокими Шунқор Худойбердиев томонидан 2019 йил бошидан буён ўрнатилган янги тартиб.




















