Жамият | 13:30 / 10.06.2019
10482
4 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда аукционда ер участкаси ютиб олган тадбиркорга ер ажратиб берилди

Сайтимизда бир муддат аввал «Кадастрнинг янгича «тактика»си: Паст Дарғомда аукционда ер сотиб олган тадбиркор сарсон қилинмоқда» сарлавҳаси остида Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида истиқомат қилиб келаётган Илҳом Холиқов қарийб ярим йилдан буён аукциондан ютиб олган ерига эгалик ҳужжатларини қўлга киритолмаётгани, бунга сабаб — Паст Дарғом тумани ер ресурслари давлат кадастри бўлими ходимлари сансалорликка йўл қўйишаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Мазкур мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасидан таҳририятимизга жавоб хати келди.

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Т.Абдуллаев томонидан имзоланган хатга кўра, чиндан ҳам Паст Дарғом туманидаги «Камолот» маҳалласи ҳудудида жойлашган ва аукцион савдоларига қўйилган 0,4 га бўш ер участкасини 2018 йил 31 октябрда фуқаро Илҳом Холиқов ютиб олгани тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №493-сонли қарорига кўра, аукцион ғолиби лотнинг нархини тўлаганидан сўнг аукцион баённомасига мувофиқ, туман ҳокими томонидан ғолибга ер участкасини ажратиш ҳақида қарор чиқарилиши ва сўнгги босқичда ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман филиали томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиб, гувоҳнома берилиши белгиланган.

Ушбу тартибга кўра, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман филиали томонидан ер участкаси ғолиби Илҳом Исмиоилович Холиқовга маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилиши учун ер майдони ажратиш юзасидан туман ҳокими қарори лойиҳаси тайёрланиб, 2019 йилнинг февраль ойида туман ҳокимлигига киритилган. Бироқ туман ҳокими томонидан қарор лойиҳаси имзоланмасдан, девонхонада қолиб кетган. Туман ҳокими Шунқор Худойбердиев қарорни имзоламагани сабабли ер ресурслари давлат кадастри бўлими томонидан ер майдонлари чегара нуқталарини белгилаб беришнинг ҳамда туман ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри давлат корхонаси томонидан ғолибга ер участкасини расмийлаштириб беришнинг ҳуқуқий томондан имконияти бўлмаган.

Тадбиркор ушбу ҳолатлардан норози бўлиб мурожаат қилганидан сўнг, туман ҳокими томонидан жорий йилнинг 24 май куни №2022-Қ сонли қарор қабул қилинган.

Ушбу қарор қабул қилинганидан сўнг бир кун муддатда 2019 йилнинг 25 май куни туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассислари томонидан фуқаро И.Холиқовга маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 0,4 га ер майдони чегара нуқталари жойида кўрсатиб берилган.

Фуқаро И.Холиқов қарор лойиҳаси Паст Дарғом туман ҳокимлигида қолиб кетгани туфайли бунда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбаридан норози эмаслигини билдирган.

Тадбиркорга ер майдони чегараларини белгилаб беришда хатога йўл қўйган туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси Жаҳонгир Раббимовга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид